2017-11-07 14:51:00

“ИННОВАЦИОН ФАОЛИЯТ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ ЖАМОАТЧИЛИК МУҲОКАМАЛАРИДАН ЎТМОҚДА

Дунёдаги замонавий тараққиёт тенденцияси шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодиётнинг инновацион ривожланишини рағбатлантириш, илғор илм-фан ютуқларини иқтисодиёт тармоқларига жорий қилиш барқарор иқтисодий ўсишнинг бош омили ҳисобланади. Энг ривожланган мамлакатлар ўзларининг юксак тараққиёт даражасига айнан фан ва техника соҳасида эришилган энг сўнгги ютуқларини ишлаб чиқаришга тез ва соз жорий этиш ҳисобига эришаётганликлари ҳеч кимга сир эмас. Масалан, ҳозирги кунда Германия Федератив республикасида ялпи ички маҳсулотнинг 2,7 фоизи, Америка Қўшма штатларида 2,8 фоизи, Японияда 3,5 фоизи айнан инновацияларни ривожлантиришга қаратилаётгани фикримиз далилидир.

Мамлакатимизда ҳам изчил юқори ўсиш суръатларини, макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ва иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини оширишда инновацион фаолиятнинг ўзига хос ўрни борлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Мутахассисларнинг халқаро миқёсдаги таҳлилларга таянган ҳолда таъкидлашларича, мамлакат иқтисодий ривожланишининг динамик барқарорлигини таъминлашда биринчи навбатда инновацион фаолият асосий роль ўйнайди.

Чунки инновацион фаолият ишлаб чиқариш базасини техник ва технологик жиҳатдан тўхтовсиз янгилаш, замонавий технологияларга асосланган корхоналарни ташкил этиш, табиий ресурслардан унумли фойдаланиш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, жаҳон товар ва хизматлар бозорига самарали кириб бориш, умуман, иқтисодиётни юксалтиришнинг муҳим омили ҳисобланади.

Шу боис, республикамизда инновацияларни реал иқтисодиётга жалб этиш борасида муайян саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Биргина мисол, 2016 йилда Давлат илмий-техника дастурларини амалга ошириш учун бюджетдан ажратилган маблағ ҳажми 172,3 млрд. сўмни ташкил қилди. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш корхоналарининг бундан ҳам кўп маблағлари инновацион фаолиятга йўналтирилган бўлиб, 2016 йилда ушбу маблағ 300 млрд. сўмдан зиёдни ташкил этди. Қолаверса, миллий иқтисодиётимизга жалб этилаётган хорижий инвестицияларнинг ҳам катта қисми ҳам ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этишга йўналтирилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ва бевосита раҳбарлигида ишлаб чиқилган мамлакатимизни кейинги 5 йилда ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи йўналишида илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этиш каби масалалар назарда тутилган. Ҳозир республикамизда Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган бу ва бошқа вазифаларни бажариш йўлида қатор ижобий ишлар амалга ошириляпти. Янги инновацион марказлар, технопарклар очиляпти, ёшларнинг илмий ва инновацион иқтидорини руёбга чиқаришга қаратилган илмий ва ўқув даргоҳлари ишга тушяпти.

Шу билан бирга, ушбу соҳада тўпланган тажриба ва амалиёт шуни кўрсатадики, бугунги кунда республикамизда инновацион фаолиятни янада ривожлантириш йўлида бир қатор муаммолар мавжуд бўлиб, улар ичида айниқса, инновация фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонун хужжатининг йўқлиги, айниқса, инновацияларни яратувчи субъектларга ва инновациялардан фойдаланувчиларга тегишли имтиёзлар берувчи ва рағбатлантирувчи механизмлар кўзда тутилмаганлиги бу борада зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган вазифалардан бири ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, инновацияларнинг ҳаётимизга кенг кириб келиши йўлида ҳали қатор ташкилий-ҳуқуқий ишларни амалга оширишимиз лозим. Бунда “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тезроқ қабул қилишни бугунги давримизнинг ўзи тақозо этиб турибди.

Шу мақсадда махсус тузилган ишчи гуруҳи томонидан тақдим этилган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ана шу ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳаси қатор прогрессив нормаларни ўз ичига олган бўлиб, унинг асосий мақсади инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Унда, энг аввало, инновациялар ва инновацион фаолият билан боғлиқ асосий тушунчаларнинг таърифлари келтирилган ҳамда ушбу соҳада давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш тамойиллари шу билан бирга механизмлари очиб берилган. Қонун лойиҳасида,шунингдек, инновациялар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш билан шуғулланувчи асосий органлар ҳамда уларнинг ваколатлари нималардан иборатлиги бирма-бир санаб ўтилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли органларнинг бу соҳадаги ваколатлари, инновацион фаолият субъектларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари кўрсатилган.

Шу билан бирга, инновацион фаолиятни амалга оширувчи жисмоний шахслар, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам қонун лойиҳасида ўз аксини тпоган. Энг муҳими, инновацион фаолият субъектларининг саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама рағбатлантириш механизмлари қонун лойиҳасида алоҳида кўрсатилган бўлиб, давлат томонидан инновацион фаолият субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар бирма-бир санаб ўтилган.

Шу кунларда мазкур қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтмоқда. Жумладан, Тошкент Давлат Техника университети, Ўзбекистон миллий университети, Фанлар Академияси, Фан ва технологиялар агентлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва бошқа қатор ташкилот ва муассасаларда ушбу қонун лойиҳаси юзасидан муҳокамалар ташкил қилиниб, унда кенг жамаотчилик, мутахассислар, экспертлар, депутатлар, олимлар, шу жумладан, ёш олимлар иштирок этмоқдалар ҳамда ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирмоқдалар.

Билдирилган таклифлар ишчи гуруҳи томонидан диққат билан ўрганиб чиқилади ва уларни умумлаштириш асосида қонун лойиҳаси такомилига етказилиб, кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига тақдим этилади.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

“Туркистон-пресс”.