2017-11-08 13:33:00

ДЕПУТАТ НИМА ДЕЙДИ?

АҚШнинг Манхэттен шаҳридаги велосипедчилар йўлагида рўй берган ва саккиз инсон умрига зомин бўлган фожиа террористик хуруж сифатида баҳоланди. Минг таассуфки, ушбу хунрезликка келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган 29 ёшли Сайфулло Соипов қўл урди. Шундан кейин жаҳон аҳли ҳамда АҚШ аҳолиси орасида ўзбек деган ном тез-тез тилга олина бошланди, турли баҳс-мунозаралар урчиди. Бу фожиага нисбатан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Умрзоқов ўзининг facebookдаги саҳифасида муносабат билдирган.

– Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратмоқчиман, – фикрини давом эттиради депутат. – Биринчидан, террорчининг на миллати, на дини бўлади. XXI аср офати саналган бу эпидемия исталган миллат ва давлатда учраши мумкинлигини сайёрамиз саҳнида кейинги йилларда рўй берган бир қатор қўпорувчиликлар кўрсатиб турибди. Иккинчидан, уммонорти ҳуқуқ-тартибот органлари таъкидлаганларидек, Соипов АҚШга келгандан кейингина радикаллашган. Инсон феъл-атворига, сажиясига, хатти-ҳаракатига атроф-муҳит қанчалар чуқур таъсир этишини далилловчи жуда кўп тарихий тажрибаларни санаб ўтиришга ҳожат йўқ, менимча. Лекин бир жиҳат аниқ: ўзбек эли азалдан тинчликсевар, дўстликпарвар халқ сифатида танилган, тан олинган. Дуога қўл очганда ҳамиша, аввало, Яратгандан оламга тинчлик-омонлик сўраймиз. Чумолига озор беришни катта гуноҳ санаймиз. Хунрезликнинг ҳар қандай ҳолатини қаттиқ қоралаймиз. Битта боламизнинг тарбиясига етти маҳаллани масъул биламиз. Шундай экан, Соипов тимсолида бутун халқ ҳақида фикр айтиш номақбул.

Агар ўзбек ким деган саволга жўяли жавоб топишни истаганлар бўлса, Хоразмий алгоритмини, саноқ тизимини эсласин, Фарғонийнинг “Миқёс ан-Нил”ини ўлчасин, Беруний кашфиётларини синаб кўрсин, Ибн Синонинг “Тиб қонунлари”ни варақласин, Замаҳшарий грамматикасини ўргансин, буюк Амир Темур қурдирган иморатларга боқсин, Мирзо Улуғбекнинг юлдузлар жадвалини текширсин, Алишер Навоий байтларини ёд олсин. Бу саноқни юзлаб мисоллар билан давом эттириш мумкин. Бугунги Ўзбекистон ёшларининг спорт майдонларидаги ҳалол ютуқлари, илм-фандаги заковати ҳам ҳар қанча ҳавасга лойиқ. Лекин аёнга баён не ҳожат?

Биз Манхэттен фожиасидан кўз юммоқчи эмасмиз. Фақат курмакка қараб гуручни баҳоламаслик кераклигини уқтирмоқчимиз. Аслида Соипов сингари номатлуб кимсалар яна пайдо бўлишига тиш-тирноғимиз билан қаршимиз. Ишонамизки, бундайлар бизнинг орамиздан чиқмайди.

Акмал УМРЗОҚОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

“Туркистон-пресс”.