2017-11-08 15:05:00

ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ИСИТИШ МАВСУМИ БОШЛАНМОҚДА

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йилнинг 7 ноябрда имзоланган “Тошкент шаҳрида 2017-2018 йилги иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 10 ноябрдан бошлаб ижтимоий соҳа объектларида, 12 ноябрдан турар-жой биноларида мунтазам иситишга киришилади. Бу ҳақида Тошент шаҳар ҳокимлигининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу қарорга кўра, “TOSHKENT ISSIQLIK ELEKTR MARKAZI” АЖ, “Toshkent issiqlik markazi” ДУК, “Тошиссиққуввати” ДУКга марказлашган иссиқлик тизимининг барча қисмларини текшириш имкониятини таъминлаш учун 2017 йил 9 ноябрдан Тошкент шаҳар иссиқлик манбаларидан иссиқлик муҳитининг айланма ҳаракатини ишга тушириш вазифаси топширилди.

Шунингдек, “TOSHKENT ISSIQLIK ELEKTR MARKAZI” АЖ, “Toshkent issiqlik markazi” ДУК, “Тошиссиққуввати” ДУКга Тошкент шаҳрида 2017-2018 йилги иситиш мавсуми даврида узлуксиз табиий газ, сув таъминоти ва электр энергиясини етказиб бериш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси юклатилди.

Тошкент шаҳар Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмасига кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти тизимининг барқарор ишлаши учун мутасадди ходимлар ва аҳоли томонидан қоидаларнинг бузилишига йўл қўймасликни назорат қилиш вазифаси юклатилган.

“Туркистон-пресс”.