2017-11-08 15:25:00

“ҚИЗЛАРЖОН” КЛУБИ ФАОЛИЯТ БОШЛАДИ

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати изчил амалга оширилмоқда. Бу ўринда ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол инсонлар сифатида вояга етказиш, айниқса, қизларнинг мукаммал тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш муҳим ўрин тутади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Хотин-қизлар қўмитаси қошида фаолият бошлаган “Қизларжон” клуби ана шу бошқа қатор хайрли мақсадларни амалга оширишни ният қилган.

Турин политехника университети ҳузуридаги академик лицейда фаолият бошлаган мазкур клубнинг тақдимот маросимида фаол хотин-қизлар, маҳалла фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, тенгдошлари орасида ибрат кўрсатиб келаётган қизлар вакиллари иштирок этишди.

Маросимни Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова очиб, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Тақдимот маросимида сўзга чиққанлар эътироф этишганидек, бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Хотин-қизлар қўмиталари томонидан "Қизларжон" клублари ташкил этилмоқда. Турин политехника университети ҳузуридаги академик лицейда иш бошлаган мазкур клуб ҳам маълум бир меҳнат тури билан банд бўлмаган, айниқса, ижтимоий фаоллигини намоён эта олмаётган хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга хизмат қилади.

Клуб 7 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёш хотин-қизларни ихтиёрий равишда бирлаштириб, уларнинг эзгу мақсадлар йўлида фаоллигини ошириш, касб-ҳунар эгаллаши учун шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш, ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш, ташаббусларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга ёрдамлашади.

Клубнинг машғулот ва йиғилишлари бир неча йўналишларда ташкил этилиб, иштирокчиларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, узлуксиз таълим, юксак маънавият ва миллий маданият тарғиботи, ижтимоий фаолликни ошириш, тўй ва маросимларни ихчамлаштириш, маънавий таҳдидларга қарши иммунитетни шакллантириш, китобхонлик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

“Туркистон-пресс”.