2017-11-09 13:21:00

САРДОБАДА ПРОФИЛАКТИКА ТАДБИРЛАРИ САМАРА БЕРМОҚДА

Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси доирасида бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб бир қатор профилактик тадбирлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, Сирдарё вилоятинингСардоба туманида ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари ўтказилаётган ёнғинлар профилактикаси тадбирлари ўзининг ижобий самараларини бераётир. 

Туман ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси томонидан туман ва шаҳарларда маҳаллий ҳокимлик вакиллари билан ҳамкорликда ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинлари, ташкилот, корхона ва муассасаларда профилактик тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Натижада ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ҳудудда ёнғин ҳолатлари 6 тага камайди. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатлари учун жарима чоралари эса 9 тага ортди.

– Ёнғин профилактикаси кунлари доирасида жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида туманимиздаги корхона, ташкилот, муассасаларда ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида 363 маротаба учрашувлар, 15 минг 93 аҳоли хонадонларини ўрганиш давомида  44 минг 626 нафар фуқаро билан профилактик суҳбатлар ўтказдик, – дейди Сардоба тумани ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи, майор Улуғбек Ўтаев.

Олиб борилаётган профилактика тадбирлари натижасида туманда аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа ташкилотларда ёнғин билан боғлиқ нохуш ҳолатлар камайишига эришилди. Бу борадаги тушунтириш-тарғибот ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”