2017-11-09 15:20:00

АФСОНАВИЙ ҲИМОЯЧИ КАРЛЕС ПУЙОЛ ТОШКЕНТДА

Испания миллий терма жамоаси сафида жаҳон ва Европа чемпионлигини қўлга киритган, Каталониянинг «Барселона» клуби афсонавий ҳимоячилардан бири Карлес Пуйол Тошкентга етиб келди.

Карлес Пуйоль Ўзбекистонга ташрифи доирасида ташкиллаштирилган матбуот анжуманида ҳам иштирок этди ва Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Гарчи Ўзбекистон терма жамоаси Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга кирита олмаган бўлсада, тез орада бу натижага ҳам эриша оласиз деган умиддаман.

Ўзбекистонда ёшларга эътибор қаратилаётгани ажойиб. Агар ёшларга эътибор шу зайлда давом этса, 2022 йилги Қатарда бўлиб ўтадиган мундиалда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этишига ишонаман», - дея гапириб ўтди Карлес Пуйоль.

Ташриф давомида меҳмон “Бунёдкор” футбол академиясига боради ва ёш футболчиларга мастер-класс ўтаб беради. Кечқурун эса Олий Лига доирасидаги “Пахтакор” — “Олмалиқ” учрашувини стадиондан кузатади.

“Туркистон-пресс”