2017-11-10 13:07:00

ЎФФ РАҲБАРИ КУАЛА-ЛУМПУРДА ОФК ПРЕЗИДЕНТИ БИЛАН УЧРАШДИ

Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов Осиё Футбол Конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа билан учрашди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.

Учрашувда мамлакатимизда футболни ривожлантиришга асосланган турли лойиҳалар бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Жумладан, ОФК томонидан миллий ассоциацияларни ривожлантириш дастури асосида иккита лойиҳа бўйича келишувга эришилди.

Унга кўра,юртимизнинг Андижон, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида болалар учун мўлжалланган мини-футбол майдончалари барпо этилишига ОФК томонидан маблағ ажратилади. Бундан ташқари, Республика Олий спорт маҳорати футбол мактабига қарашли сунъий қопламали майдон ОФК томонидан ажратиладиган маблағлар асосида тўлалигича реконструкция қилинади.

Шунингдек, учрашув давомида миллий чемпионатда иштирок этадиган клубларни лицензиялаш бўйича улар олдига қўйиладиган талаблар масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”