2017-11-10 14:00:00

КОНФЕРЕНЦИЯЛАРДА ПОЙТАХТ ТУМАН КЕНГАШЛАРИ ДЕПУТАТЛИГИГА НОМЗОДЛАР КЎРСАТИЛМОҚДА

Жорий йил 24 декабрда бўлиб ўтадиган Тошкент шаҳар Халқ депутатлари туман Кенгашлари сайлови мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва демократик янгиланишларнинг ёрқин намунасидир. Ушбу ислоҳотлар ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда сиёсий партиялар ўрни ошиб бораётганидан далолат.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикасининг “Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонунининг қабул қилингани ушбу сайловларнинг тенглик, очиқлик, ошкоралик принциплари асосида ўтишини таъминловчи ҳуқуқий базани яратиб берди. Ана шундай масъулиятли, муҳим сиёсий аҳамиятга эга бўлган сайлов кампаниясида муносиб иштирок этиш O‘zLiDePнинг асосий мақсадидир. Юқоридаги фикрлар пойтахтимиз туманларидаги партия Кенгашларида бўлиб ўтаётган  конференцияларда ҳам кенг муҳокама этилмоқда. O‘zLiDeP туман Кенгаши конференцияларида 24 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда фаол иштирок этиш билан боғлиқ барча масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, партиядан Тошкент шаҳар Халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатилмоқда.

Таъкидлаш керакки, O‘zLiDeP ушбу сайловларда ўз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, асосий эътиборни Марказий Осиёнинг энг йирик мегаполиси ҳисобланган Тошкент шаҳри туманларида жадал олиб борилаётган иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларни, давлат бошқаруви органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва кучли фуқаролик жамияти асосларини янада мустаҳкамалашда фаол иштирок этишга қаратади.

“Туркистон-пресс”