2017-11-13 10:00:00

ЎЗБЕКИСТОН ТАШАББУСЛАРИ МИНТАҚАНИНГ УМУМИЙ ТАРАҚҚИЁТИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Самарқанд шаҳрида 10 ноябрь куни БМТ шафелигида "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзусида халқаро конференция бошланди. 

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёни барқарор ва иқтисодий ривожланган минтақага айлантириш, улкан ҳудудда тинчлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича долзарб ташаббусларни илгари сурди. 

Ўзбекистон изчил тинчликпарварлик сиёсати юритиб келмоқда. Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига киришиш маросимидаги нутқида ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш асосида хорижий давлатлар, энг аввало, қўшни мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга алоҳида аҳамият қаратишини таъкидлаган эди. 

Бу мақсадлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топди. Чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилишни ҳал этиш каби масалалар устувор йўналишлар этиб белгиланди. 

Ўтган қисқа вақтда бу борада тарихий қадамлар қўйилди. Президентимиз илк давлат ташрифларини қўшни мамлакатларга амалга оширди. Қозоғистон ва Қирғизистон Президентлари давлат ташрифи билан Тошкентда бўлди. Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва сиёсий иродаси туфайли ишонч даражаси сезиларли ошди. Давлат чегаралари, савдо алоқалари, транспорт коммуникациялари, ҳудудлар ҳамкорлиги каби кўплаб масалалар бўйича ўзаро манфаатли ечимлар топишга эришилди. 

Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратаётганини таъкидлади. “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир. Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир. Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, деган эди давлатимиз раҳбари. 

“Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусида ўтаётган халқаро конференция шу борадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, умумий ёндашувлар ишлаб чиқиш ва истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этади. 

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур форум Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш конференция иштирокчиларига мурожаат йўллаб, унинг алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этди. 

Анжуманда А.Гутерришнинг видеомурожаати намойиш қилинди. 

БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини Марказий Осиё муҳим минтақа экани, бу ҳудуд барқарорлиги ва тараққиёти бутун дунёга таъсир кўрсатишини таъкидлади. 

Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Қайрат Абдраҳмонов Қозоғистон Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлашини, хусусан, Остона шаҳри Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган Марказий Осиё давлат раҳбарлари маслаҳатлашувининг биринчи саммитини келгуси йил Наврўз байрами арафасида қабул қилишга тайёр эканини таъкидлади. 

Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев ушбу конференция ўта долзарб масалаларга қаратилгани ва ўз вақтида илгари сурилганини қайд этди. Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари Марказий Осиёда дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақа тарихида янги саҳифа очишга хизмат қилишини таъкидлади. 


Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов ушбу халқаро конференция кўп томонлама фикр алмашиш, ўзаро мувофиқ ёндашувлар ишлаб чиқиш ва минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини қайд этди. 

Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг конференция иштирокчиларига қутлови ҳамда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги фикрларини етказди. Кучларни бирлаштириш халқларимизнинг умумий равнақига хизмат қилишини таъкидлади. 

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Томас Гремингер, Туркия Республикаси иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф, Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббоний, БМТ Бош котиби ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий бюроси директори Жиҳан Султаноглу, ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Панкин, Ҳиндистон давлат ташқи ишлар вазири Вижай Кумар Сингх, БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман ва бошқалар сўзга чиқди. 

Мазкур нуфузли конференциянинг Самарқандда ўтказилаётгани бежиз эмас. Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган бу кўҳна шаҳар минг йиллар давомида турли миллатлар, динлар ва маданиятлар ўртасидаги мулоқот маскани бўлган. Бу умумбашарий руҳ анжуманда яна бир бор ўз ифодасини топди. Бутун дунёдан келган сиёсатчилар, нуфузли экспертлар умумий келажак йўлида бирлашди. 

Халқаро конференция шўъба мажлисларида давом этди. Уларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нутқида билдирилган фикрлар, илгари сурилган долзарб ташаббуслар кенг муҳокама қилинди. 

Энергетик салоҳият, табиий ресурслар, транспорт-коммуникация имкониятларига эга Марказий Осиё улкан геосиёсий аҳамият касб этиши, бу минтақадаги жараёнлар бутун Евроосиё континенти барқарорлигига таъсир кўрсатиши таъкидланди. 

Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш, шунингдек, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда минтақа давлатларининг консенсус, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро англашувга асосланган муносабатлари ҳал қилувчи ўрин тутиши қайд этилди. 

Бу борада мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш, умумминтақавий муаммоларга биргаликда ечим топиш мақсадида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳатлашувларини доимий ўтказиш тўғрисидаги ташаббус кенг қўллаб-қувватланди. 

Анжуман иштирокчилари минтақа мамлакатлари ўртасида давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш борасидаги келишувларни ижобий баҳолаб, бу ишларни давом эттириш ва якунлаш савдо, иқтисодиёт, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади. 

Марказий Осиё давлатлари вакиллари сув-энергетика ресурсларидан минтақадаги барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда рационал фойдаланиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини яна бир бор тасдиқлади. 

Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани тиклаш, унинг минтақавий иқтисодий жараёнларга қўшилишига ҳар томонлама кўмаклашиш тўғрисидаги ташаббуслар қўллаб-қувватланди. 


Хавфсизлик масалалари муҳокама қилинар экан, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари ёшларнинг турли террористик ва экстремистик тузилмалар таъсирига тушиб қолишига йўл қўймаслик бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилиши зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни чуқур билим ва диний бағрикенглик асосида тарбиялаш лозимлиги ҳақидаги фикр маъқулланди. 

Минтақада транспорт, туризм, фан ва технологиялар, маданият, спорт каби соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. 

Конференция иштирокчилари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги таклифни маъқуллади. Анжуман минтақадаги муаммолар ва истиқболдаги вазифаларни очиқ ва чуқур муҳокама қилиш учун қулай имконият яратганини таъкидлади. 

Конференциянинг биринчи кунида “Минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш”, “Сувдан фойдаланиш ва экология соҳасидаги ҳамкорлик” мавзуларида шўъба мажлислари ўтказилди. Мамлакатимиз ва хорижлик олимлар, нуфузли экспертларнинг таҳлилий маърузалари эшитилди ва муҳокама қилинди. 

Форум 11 ноябрь куни ўз ишини давом эттиради. Унинг доирасида “Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш” ҳамда “Барқарор тараққиётга таҳдидларга қарши курашишда халқаро ҳамжамиятнинг Марказий Осиё мамлакатларига кўмаги” мавзуларида шўъба мажлислари бўлиб ўтади. 

Халқаро конференция якуни бўйича коммюнике қабул қилиниши режалаштирилган. 

Анвар Самадов, Ғолиб Ҳасанов, Сарвар Ўрмонов, Ёлқин Шамсиддинов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА