2017-11-13 11:35:00

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ: ХАВФСИЗЛИККА ТАҲДИДЛАРНИ “ЎЗИНИКИ ВА ЎЗГАЛАРНИКИ” ДЕБ АЖРАТИШДАН ВОЗ КЕЧИШ, “ЯХЛИТ ХАВФСИЗЛИК” ТАМОЙИЛИГА АМАЛДА РИОЯ ҚИЛИШ ЗАРУР

 

“ – Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашимиз лозим, – деди давлатимиз раҳбари Самарқанд шаҳрида ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқида.

–Бугунги кунда минтақанинг барча мамлакатлари терроризм, диний экстремизм, трансмиллий жиноятчилик ва наркотрафик таҳдидларига дуч келмоқда. 

Ушбу таҳдидларга қарши самарали курашишни фақат биргаликда, минтақа мамлакатлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик механизмлари доирасида таъминлаш мумкин. 

Хавфсизликка таҳдидларни “ўзиники ва ўзгаларники” деб ажратишдан воз кечиш, “яхлит хавфсизлик” тамойилига амалда риоя қилиш зарур, деган қатъий фикрдамиз. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минтақавий хавфсизлик муаммосини, аввало, превентив дипломатия усулларидан фойдаланган ҳолда ҳал қилишда муҳим ўрин тутиши лозим. 

Шунингдек, МДҲ, ШҲТ, ЕХҲТ ва бошқа нуфузли халқаро ҳамда минтақавий тузилмалар механизмлари доирасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур. 

Бугунги кунда Марказий Осиёда барқарор ва изчил тараққиётнинг истиқболлари қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш билан чамбарчас боғлиқдир. 

Биринчи галдаги вазифалардан бири Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларга қўшилишига ҳар томонлама кўмаклашишдан иборат. 

Бу дунё ҳамжамиятининг Афғонистонда тинч тараққиётни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига ғоят муҳим ҳисса бўлиб қўшилади. 

Ўзбекистон бундан кейин ҳам бу қўшни мамлакатни иқтисодий жиҳатдан тиклаш, унинг транспорт ва энергетик инфратузилмасини ривожлантириш, миллий кадрлар тайёрлаш жараёнларида фаол иштирок этишини таъкидламоқчиман”, – деди Президентимиз.