2017-11-13 12:00:00

САМИМИЙ МУЛОҚОТ, МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИК, АҲИЛ ҚЎШНИЧИЛИК ДАВОМ ЭТАДИ

Самарқандда БМТ шафелигида ташкил этилган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференция ўз ишини якунлади.

Анжуманнинг иккинчи куни иштирокчилар “Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш” ҳамда “Барқарор тараққиётга таҳдидларга қарши курашишда халқаро ҳамжамиятнинг Марказий Осиё мамлакатларига кўмаги” мавзуларидаги шўъба мажлисларида долзарб маърузалари билан қатнашди. 

Халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар вакиллари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг конференция очилиши маросимида сўзлаган нутқида билдирилган фикрлар, илгари сурилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг амалга оширилиши Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, минтақа давлатлари тараққиётига хизмат қилишини таъкидлади. 

Шўъба мажлислари тугагач, халқаро форум якунлари бўйича ташкилотчиларнинг хулосалари баён этилди. 

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Комилов Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ шафелигида ташкил этилган халқаро анжуман ҳар томонлама фойдали мулоқотларга бой бўлганини таъкидлади. Унда йигирмадан ортиқ давлат, ўндан зиёд халқаро ташкилотлар вакиллари, жумладан, Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари фаол иштирок этгани қайд этилди. Икки кунлик анжуман жавомида 70 дан ортиқ маърузалар тингланди. Бу чиқишларда минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодиёт, транспорт, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, сув-энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш, юзага келиши мумкин бўлган хавф ва таҳдидларга қарши ҳамкорликда курашиш, қўшни Афғонистон республикасида тинчлик ўрнатиш юзасидан муҳим таклифлар билдирилди. 

Анжуман қатнашчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиё давлатлари ўртасида аҳил қўшничилик ва ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш, минтақа давлатлари раҳбарларининг доимий маслаҳатлашувлар ўтказиш ва бошқа ташаббусларини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди. 

Халқаро конференция якуни бўйича коммюнике қабул қилингани маълум қилинди. 

БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман мазкур халқаро конференция минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, давлатлар ўртасидаги яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашда тарихий аҳамият касб этишини таъкидлади. 

БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал анжуманнинг юқори савияда ташкил этилгани учун Президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик изҳор этди. Ушбу халқаро форум минтақа давлатларининг ҳудудда осойишталикни таъминлаш, наркотрафик, одам савдоси ва бошқа глобал муаммоларга қарши курашиш борасидаги қарашлари муштарак эканлигини яна бир бор намоён қилганини қайд этди. Конференциядаги муҳокама этилган масалалар, билдирилган таклиф ва ташаббуслар келгуси мулоқотларга асос бўлиши, минтақа давлатларининг бу интилишлари БМТнинг барча тузилмалари томонидан қўллаб-қувватланишини билдирди. 

Халқаро анжуман якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказилиб, оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб берилди. 

Конференция қатнашчилари Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва диққатга сазовор масканларни томоша қилди. 

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА