2017-11-13 14:00:00

СИРДАРЁ ВИЛОЯТ МУСИҚАЛИ ДРАМА ТЕАТРИ 43-МАВСУМИНИ БОШЛАДИ

Айни пайтда Сирдарё вилоят мусиқали драма театри биноси таъмирда бўлганлиги боис театрнинг ижодий жамоаси ўзининг 43-мавсумини истеъдодли режиссёр Нурафшон Жалолиддинов томонидан Шукур Саълулла асари асосида саҳналаштирган ’’Текин томоқ” эртак-спектаклни Гулистон шаҳридаги 13-умумтаълим мактаби ўқувчиларига намойиш этиш билан бошла­ди.

Эртак-спектаклда мажозий образлар орқали ўзаро меҳр-оқибат, дўстлик каби тушунчалар улуғланади. Асарда мушукой, эчки, ҳўкиз, қуён, хўроз, товуқ ва жўжалар ҳамда текинтомоқ кучук орасидаги можаролар тилга олинади. Дўстларнинг қадрига етмаган кучуквой дангаса ва текинтомоқлиги  учун улардан дакки ейди ва бу ҳол унга сабоқ бўлади.

Асардаги мажозий қаҳрамонлар образларини театрнинг иқтидорли актёрлари маромига етказиб ижро этишган.

Театр ижодий жамоаси ўзининг 43-мавсу­мини кўпроқ ижодий сафарда, яъни вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги маданият муассасалари, билим даргоҳлари ўқувчи ва талабалар ҳузурида ўтказишни режалаштирган.

“Туркистон-пресс”