2017-11-13 14:47:00

ГУЛИСТОН ТУМАНИДА ЗАМОНАВИЙ УЙ-ЖОЙЛАР ЭГАЛАРИГА ТОПШИРИЛДИ

Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида шинам арзон уй-жойлар бунёд этилмоқда.

Жумладан, Сирдарё вилоятида   қарорга асосан арзон уйлар қуриш бўйича уч турдаги лойиҳа ишлаб чиқилиб, вилоят туман ҳудудларида қишлоқ аҳолисининг кенг қатламларини ана шундай  уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида шу йилнинг ўзида   21 та массивда барча қулайликларга эга бўладиган 904 та арзон уй-жой қуриш белгиланган.

Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган бундай арзон уйларнинг дастлабки бадали атиги 15 фоизни ташкил этади.

Бундан ташқари, ипотека кредити уч йиллик имтиёзли давр ва биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдоридаги фоиз ставкаси билан 15 йил муддатга берилади.

Яқинда Гулистон тумани “Мевазор” маҳалласи ва шу номдаги массивда “Баҳодир Боёвут қурувчи” кўп тармоқли хусусий корхонасининг   қўли гул қурувчилари томонидан қурилган 2 сотихли, уч хонали 38 та замонавий уй-жой бунёд этилиб, эгаларига тантанали равишда топширилди.

Хонадон эгалари уйлар табиий газ, тоза ичимлик суви ва электр энергияси билан тўлиқ таъминланганлигини мамнуният билан қайд қилдилар.

— Аввало, муҳтарам Юртбошимизга катта раҳмат, халққа ғамхўрлик бундан ортиқ бўлмайди. Тайёр уйга кўчиб кирдик. Ҳамма нарса муҳайё. Икки нафар фарзандимиз бор, уларни ана шундай шинам уйларда вояга етказиш насиб қилганидан Оллоҳга мингг шукурлар деймиз, — дейди Ойбек Абдураҳимов.

“Туркистон-пресс”