2017-11-13 15:05:00

ИОРДАНИЯ БОЖХОНАСИДАН ҚАЙТИБ КЕЛГАН ЖЎНАТМА

Биз барчамиз истеъмолчимиз. Демакки,ҳар биримизнинг ҳаётимиз давомида бир марта бўлса ҳам истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларимиз бузилган ёхуд паймол этилган. Айнан шундай ҳуқуқи бузилган фуқаролардан Наталия Евгеневна Новак Иорданиянинг Амман шаҳрида истиқомат қиладиган қизига Зарафшон шаҳар почта тармоғи орқали оғирлиги 20 кг.бўлган CV210164256 UZ рақамли жўнатмани ВОХ 84107 Аmman11181 JordanNajebAlAdhamманзилига жўнатади. Аммо ушбу жўнатма манзилига етиб бормасдан Иордания божхонасида туриб, қайтиб келиши сабаби кўрсатилмасдан Ўзбекистонга қайтариб юборилади. Шундан сўнг Н.Е.Новак Зарафшон шаҳар почта алоқа тармоғига бориб жўнатмани қайтариб олмоқчи бўлганида, почта алоқа тармоғи ходимлари ундан почта алоқа тармоғи қоидаларига кўра, жўнатмани қайтариб олиш учун 338000 сўмни талаб қилади. Унга жавобан истеъмолчи жўнатманинг қайтиб келиш сабаблари кўрсатилган ҳужжатларни тақдим қилишларини, шундагина тўловни амалга оширишини маълумқилади.

Аммо почта алоқа тармоғи ходимлари томонидан жўнатманинг қайтиб келиш сабаблари кўрсатилган ҳужжат тақдим этилмайди. Шусабабли истеъмолчи Наталия Евгеневна Новак ўзининг бузилган ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини сўраб шаҳар жамиятига мурожаат қилади. Ушбу мурожаат юзасидан жамият мутахассисларитомонидан ўрганишлар олиб борилди, натижада почта алоқа тармоғи провайдерининг иш жараёнида йўл қўйган хатоси туфайли,яъни жўнатмада кўрсатилган лотин алифбосида ёзилиши керак бўлган Аmmanсўзини крилл алифбосида “Аттап” деб киритилиши натижасида жўнатма манзилига етиб бормай Ўзбекистонга қайтиб келганлиги аниқланди.

Маълумки, “Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари, почта алоқаси хизматлари кўрсатиш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик ёхуд лозим даражада бажармаганлик учун фойдаланувчилар олдида, белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг жавобгарлиги, почта ва курьерлик жўнатмалари йўқолган, бузилган (шикастланган), жойламалар кам чиққан, почта ва курьерлик жўнатмалари етказиб берилмаган (топширилмаган), назорат муддатлари ҳамда почта алоқаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган бошқа ҳолларда юзага келади”. Шундай бўлишига қарамасдан почта алоқа тармоғи жўнатмани истеъмолчига ҳеч қандай тўловсиз қайтариб беришни истамади, шу сабабли ушбу мурожаат Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судига оширилди ва истеъмолчининг талаби қондирилди, яъни жўнатма ҳеч қандай тўловсиз истеъмолчига қайтариб берилди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”