2017-11-13 15:15:00

ФУҚАРОЛАР МУРОЖААТИ ҲАМИША ЭЪТИБОРДА

Бугунги кунда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига фуқаро (истеъмолчи)лардан келиб тушаётган ариза ва шикоятларнинг асосий қисмини савдо соҳасига тааллуқли қонун бузилиш ҳолатлари, хизмат кўрсатувчи ва истеъмолчилар ўртасида савдо жараёнида юзага келаётган тушунмовчиликлар ҳамда салбий муносабатлар ташкил этмоқда.

Жамиятга тушган мурожаатларда бозорларда, савдо-сотиқ расталарида, савдо дўконларида истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматларнинг талаб даражада эмаслиги, сифатсиз товарларда учраётган нуқсонлар туфайли маҳсулотларнинг истеъмолга яроқсиз бўлиб қолаётганлиги, айниқса сотувчиларнинг муомила маданияти савиясининг пастлиги каби норозиликлар тилга олинади.

Яқинда Учқудуқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Учқудуқ туман “Олтинтоғ” кўчаси 3-уй, 3-хонадонда яшовчи Собиров Азизбек томонидан шундай мазмундаги норозилик шикояти келиб тушди. Фуқаро А.Собиров мурожаатида тумандаги “Гранд сервис” савдо мажмуасидан 6 миллион 500 минг сўмлик маишийтехника воситаларини (телевизор ва кондиционер) 3 йил кафолат муддати билан харид қилганлиги ва орадан уч ой ўтар-ўтмас кондиционер воситасининг ишламай қолганлигидан нарозилигини баён қилган.

Харидор товар сифатсизлиги юзасидан сотувчига мурожаат қилганида харидорга бу маҳсулотларни қаерда таъмирлаш мумкинлиги бўйича маслаҳат берилиб, нуқсонли товарни қайтариб олиш ёки бошқасига алмаштиришдан бош тортган. Сотувчи бу билан Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни талабларини қўпол равишда бузган.

Бундан норози бўлган фуқаро А.Собиров истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш туман жамиятига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Жамият масъул ходимларининг аралашуви билан истеъмолчи талаби қондирилиб, уолган нуқсонли товар бошқасига алмаштириб берилди. Энг асосийси, истеъмолчи талаби қондирилди, қонун устиворлиги таъминланди. Истеъмолчи ҳамиша ҳақ деган ибора яна бир бор ўз исботини топди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ.

“Туркистон-пресс”