2017-11-13 17:07:00

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ ЙЎЛИДА

Тойлоқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 35-сон оилавий поликлиникада аҳолига бирламчи тиббий-профилактика, шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. 

—Поликлиникамиз ҳудуддаги 35 минг аҳолига тиббий хизмат кўрсатади, —дейди оилавий поликлиника бош шифокори Феруз Мирзаев. —“Саломатлик-3”лойиҳаси доирасида замонавий ускуналар билан жиҳозланган шифо масканида тиббий-профилактика ишларини юқори савияда ташкил этиш учун барча шароитлар яратилган. Умумий қон таҳлили, қондаги қанд миқдори, гепатитни аниқлаш ва бошқа бир нечта турдаги таҳлиллар олиб, ташхис қўйиш, даволаш имконияти бор. Шифокорлар ва патронаж ҳамшираларимиз хонадонларда бўлиб, касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи бўйича тарғибот-тушунтириш ишларини олиб боришмоқда. 

Боғизоғон маҳалласида жойлашган оилавий поликлиника ҳудуддаги етти маҳаллага, 5604 хонадонга тиббий хизмат кўрсатади. 13 та мактаб, 6 та мактабгача таълим муассасаси ўқувчиларининг саломатлиги ҳам поликлиника шифокорлари назоратида.

Қишлоқ врачлик пункти оилавий поликлиникага айлантирилгач, уй-жой сифатида қолдирилган 2 та ҚВП ва 1 та тез тиббий ёрдам шохобчаси поликлиникага олисроқ ҳудуддаги маҳаллаларга тиббий хизмат кўрсатмоқда. 

Оилавий поликлиникада 18 нафар умумий амалиёт шифокори, 64 нафар патронаж ҳамшира, терапевт, акушер-гинеколог, жарроҳ, педиатр, УТТ врачи ва ўрта тиббиёт ходимлари —жами 122 нафар тиббиёт ходими фаолият кўрсатмоқда. Тез ёрдам бўлими шифокорлари учун 3 та “Дамас”автомобили ажратилган. 

“Туркистон-пресс”

Бахтиёр МУСТАНОВ олган сурат.