2017-11-13 18:08:00

ИСРОИЛ МАДРИМОВ РОССИЯДАГИ ТУРНИРДА ЭНГ ЯХШИ БОКСЧИ ДЕБ ТОПИЛДИ

Боксчиларимиз Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган турнирда иштирок этиб, совриндорлар сафидан жой эгаллашди.

Жумладан, турнирда иштирок этган уч нафар боксчимизнинг барчаси финал жангларини ўтказди. Раҳматжон Рўзиохунов бошчилигидаги уч нафар чарм қўлқоп устамиз —Исроил Мадримов (-75 кг), Санжар Турсунов (-91 кг) ва Шунқор Абдурасулов (-60 кг) ярим финал жангларида рақибларини мағлубиятга учратиб, финалга йўл олишганди.

Ҳал қилувчи жангларда Исроил Мадримов ва Шунқор Абдурасулов мезбон рақибларини мағлубиятга учратиб, турнирнинг олтин медалини қўлга киритдилар.

Санжар Турсунов эса бошқа бир россиялик спортчига имкониятни бой бериб қўйди ва якунда кумуш медаль билан кифояланди. Олтин медални қўлга киритган Исроил Мадримов (-75кг) якунда турнирнинг энг яхши боксчиси, деб топилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”