2017-11-14 12:15:00

ҚЎШРАБОТ ВА КАТТАҚЎРҒОН ТУМАНЛАРИДА ҲОКИМ ЎЗГАРДИ

2017 йил 11 ноябрь куни халқ депутатлари Қўшработ ва Каттақўрғон туманлари Кенгашларининг навбатдан ташқари сессиялари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар бермоқда.

Сессияларда сўзга чиққанлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишларни таҳлил этган ҳолда, амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга алоҳида эътибор қаратишди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда вилоятга ташрифи давомида берилган топшириқлар, белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлашда ҳар бир раҳбар ва мутасадди зиммасидаги маъсулият ҳақида сўз юритилди.

Ҳар икки туман Кенгаши сессияларида ташкилий масалалар кўрилди.

Аъзамхон Баҳромов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Қўшработ тумани ҳокими вазифасидан озод этилди.

Самарқанд вилоят ҳокими Т.Жўраевнинг тавсиясига кўра, Ҳиммат Қўчқорович Оқбўтаев Қўшработ тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Худойберди Аззамов ўз аризасига кўра, Каттақўрғон тумани ҳокими вазифасидан озод этилди.

Вилоят ҳокими Т.Жўраевнинг тавсиясига кўра, Аъзамхон Усмонович Баҳромов Каттақўрғон тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

“Туркистон-пресс”