2017-11-14 12:17:00

ГЛОБАЛ ТАДБИРКОРЛИК ҲАФТАЛИГИ БОШЛАНДИ

2017 йилнинг 13-18 ноябрь кунлари Тошкент, Фарғона ва Самарқанд шаҳарларида Глобал тадбиркорлик ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.

Таъкидлаш лозимки, глобал тадбиркорлик ҳафталиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Савдо-саноат палатаси, Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси, тегишли ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда ташкил этилди. 

Унда иштирок этиш учун 50га яқин нуфузли хорижий топ-менежерлар, Росссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Исроил, Тожикистон ва бошқа давлатлардан сармоядорлар ва тадбиркорлар мамлакатимизга ташриф буюрган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларни қўшиб ҳисоблаганда глобал тадбиркорлик ҳафталигида 5000 киши иштирок этиши кўзда тутилмоқда. Бундай ҳафталик ҳар йили дунёнинг 160дан зиёд мамлакатида ўтказиб келинади. Ундан мақсад — тажрибали тадбиркорлар билан ёшлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини шакллантириш, ёш тадбиркорларни креатив ғоялар ташаббускорлигига чорлаш, мамлакатда тадбиркорлик экотизимини ривожлантириш, бу борада илғор хорижий тажриба, ёндашувлар билан ёшларни таништиришдир.

Ҳафталик доирасида маҳаллий ва чет эллик экспертлар, тажрибали ишбилармонлар томонидан маҳорат дарслари ташкил этилиб, мавзуга доир 20 та тақдимот ва 50га яқин семинарлар ўтказилади.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”