2017-11-14 12:46:00

ТАДБИРКОР ҚИЗЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА

2017 йилнинг 9-10 ноябрь кунлари Ўзбек миллий академик театри биносида “Халқ билан мулоқот  ва инсон манфаатлари йили” давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида 2016/2017 ўқув йилида касб-ҳунар коллежи битирувчи қизлари ўртасида “Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси-2017” кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди.

Танловнинг Республика  босқичида 6 нафар самарқандлик тадбиркор қизлар иштирок этиб, уларнинг 3 нафари ғолибликни қўлга киритди.

Жумладан, “Ишлаб чиқариш борасида энг яхши тадбиркор қиз” йўналишида Жомбой қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи битирувчиси Гўзал Абророва,

“Сервис соҳасида энг яхши тадбиркор қиз” йўналиши бўйича Қўшработ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи битирувчиси Сарвиноз Тошпўлатова,  “Қишлоқ хўжалиги соҳасида энг яхши тадбиркор қиз” номинацияси бўйича вилояти Самарқанд шаҳар Сўзангарон тиббиёт коллежи битирувчиси Зарифа Бердимуродовалар ғолибликни эгаллашди.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 7 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мақомини ошириш ҳамда оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди.  “Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси -2017 йил” кўрик танлови ҳам аёлларимизни ва айниқса, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларини тамомлаб катта ҳаётга қадам қўяётган қизларимизни ўз тадбиркорликларини бошлашларига яхши бир туртки бўлди.

 Маълумот ўрнида айтиш лозимки, танловнинг Самарқанд вилояти туман-шаҳар босқичларида 438 нафар касб-ҳунар коллежининг битирувчи қизлари иштирок этди, уларнинг 43 нафари “Ишлаб чиқариш борасида энг яхши тадбиркор қиз”номинацияси бўйича, “Сервис соҳасида энг яхши тадбиркор қиз” номинацияси бўйича,“Қишлоқ хўжалиги соҳасида энг яхши тадбиркор қиз” номинациялари бўйича фахрли 1 ўринни эгаллашди. Ушбу ғолибларнинг 9 нафари эса 3 та йўналиш бўйича   танловнинг вилоят босқичида 1, 2, 3 ўринни қўлга киритишган эди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”