2017-11-14 13:00:00

“ТАДБИРКОРЛИК ҲАФТАЛИГИ” ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИНИ ЯРАТИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

2006 йилдан буён Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси Глобал тадбиркорлик тармоғи томонидан тадбиркорлик ҳафталиги ўтказиб келинмоқда. Унинг доирасида турли хил форумлар, давра суҳбатлари, дунёнинг таниқли ва илғор тадбиркорлари билан очиқ мулоқотлар бўлиб ўтади. Ҳафталик давомида тадбиркорликнинг миллий ва жаҳон иқтисодиёти ривожига қўшиб келаётган ҳиссаси, бизнеснинг янги инновацион стратегиялари ҳамда молиявий кўмак масалалари муҳокама этилади.

Жорий йил 13-19 ноябрь кунлари мамлакатимизда илк маротаба “Тадбиркорлик ҳафталиги” ўтказилади. Унда йирик тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, инвесторлар, экспорт бўйича мутахассислар иштирок этиши кўзда тутилган. 

“Тадбиркорлик ҳафталиги” давомида O‘zLiDeP “Ёшлар” ва “Аёллар” қаноти ҳам бир қатор тадбирлар ўтказишни режалаштирган.

Ана шундай тадбирлардан бири пойтахтимиздаги “Шодлик палас” меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Унда партия фракцияси аъзолари, солиқ, статистика, адлия, савдо-саноат палатасининг Тошкент шаҳар бошқармалари, Фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органи фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши ходимлари тадбиркор хотин-қизлар иштирок этди.

Йиғилишда аёллар тадбиркорлигини рағбатлантириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги муаммоларни ҳал этиш, тадбиркор аёлларнинг бизнес-режаларини тайёрлашда кўмаклашиш, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, тадбиркорликни ривожлантиришда солиқ идораларнинг ўрни ва аҳамияти, маҳаллаларда уюшмаган ёшлар, иш билан банд бўлмаган аёллар билан олиб борилаётган ишлар хақида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир давомида тажрибали тадбиркор хотин-қизлар ўз фаолияти бўйича тақдимотлар ўтказишди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”