2017-11-14 13:28:00

КОНСТИТУЦИЯМИЗ БЕРГАН ИМКОНИЯТЛАР

Ўзбекистон “Адолат”  социал-демократик партияси Бўз туман  кенгаши томонидан  Бўз шаҳарчасидаги “Маориф”   маҳалла  фуқаролар йиғинида  Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги олдидан “Конституция — адолат мезони” лойиҳаси доирасида маънавий-маърифий  тадбир ўтказилди.

Ушбу тадбирда партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, жамоатчилик вакиллари ва шу ҳудуддаги тиббиёт коллежининг ўқитувчилари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида сўз олганлар Асосий қонунимизнинг ҳаётимизда тутган ўрни, ҳуқуқларимиз пойдевори эканлигини таъкидладилар. Қонунчилигимизда инсон манфаатлари олий қадрият сифатида эътироф этилгани, мамлакатимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-сиёсий ҳаёт барқарорлиги ва эришаётган барча ютуқлармиз замирида ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолоти — Конституциямиз турганлиги эътироф этилди.

— Энг аввало, Бош қонунимизда сиёсий ҳуқуқларимиз кафолатланганлигини алоҳида қайд этиш лозим, — дейди “Бўз ҳаёти” газетаси муҳаррири Абдукарим Қувватов.— Барчамиз ўз вакилларимиз орқали жамият ва давлат бошқарувида иштирок этишимиз мумкин. Шундай экан Конституциямизни қанчалик чуқур ўргансак, бу кунни ҳар қанча байрам қилсак арзийди.

Тадбир партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти томонидан  ёшлар қалбида қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат туйғусини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш мақсадида ташкил этилган “Адолат билимдони” кўрик-танловининг туман   босқичига уланди. Шу куни ёш “адолат”чилар ўз билимларини  синовдан ўтказдилар.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”