2017-11-14 12:32:00

НАМАНГАНДА “НАВОИЙ ВОРИСЛАРИ” КЎРИК-ТАНЛОВИНИНГ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ ЎТКАЗИЛДИ

Наманган шаҳридаги 11-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг концертлар залида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгаши томонидан “Навоий ворислари” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижроси асосида ташкил этилган танловда шаҳар ва туман босқичларида ғолиб чиққан, умумтаълим мактабларининг 11 ёшдан 15 ёшгача бўлган 12 нафар иқтидорли ўқувчилари иштирок этди. 

Тадбирнинг аввалида сўзга чиққан ЎзМТДП Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби Оқилхон Дадабоев, Наманган Давлат университети доценти, филология фанлари номзоди Фарида Каримова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими адабий маслаҳатчиси, шоира Руқия Ғозиева буюк мутафаккир, шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг бой ижодий меросини чуқур ўрганиш, тарғибот қилиш орқали ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни Ватанга муҳаббат, элга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.

Танловни ўтказишдан мақсад Навоий ижодини том маънода халқ мулкига айлантириш ҳамда халқ таълими тизимида жонбозлик кўрсатаётган она тили ва адабиёт ўқитувчилари, аълочи ўқувчиларни рағбатлантиришдан иборатдир. Қолаверса, Навоийнинг юксак инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарлари мазмун-моҳиятини навқирон авлод онгига сингдириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишда ҳам муҳим ўрин тутади.

Дарҳақиқат, танловда иштирок этган ўғил-қизлар ўз чиқишларида Ҳазрат Навоий ижодини нечоғлик меҳр билан ўрганаётганликларини, чинакам улуғвор сўз санъатини чуқур англашга интилаётганликларини кўрсатди. Адабий танловда 12 нафар энг сара иштирокчи энг кўп ғазал ёд олиш, ғазални бехато ва ифодали ўқиш, ғазал матнининг насрий баёни (ёзма шарҳи)ни ярата олиш, ғазал матнидаги тушуниш қийин бўлган сўзларни изоҳлаб бера олиш каби шартларни бажариш орқали ўз билимларини намойиш этдилар. 

Нуфузли ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, танловда 1-ўринни эгаллаган Уйчи туманидаги 11-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Ойдина Эргашева келаси йилнинг февралида Навоий шаҳрида бўладиган танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”