2017-11-16 15:25:00

ХИЗМАТ УЙЛАРИ ИШГА ҲАВАСНИ КУЧАЙТИРАДИ

Президентимиз қарори билан тасдиқланган дастурга мувофиқ, Самарқанд вилоятида профилактика инспекторларини хизмат уйлари билан таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар давом этмоқда.

“Зарафшон” газетасининг ёзишича, бугунги кунга қадар вилоятда хизмат қилаётган 709 нафар профилактика инспекторининг 180 нафари хизмат уйига ва имтиёзли кредит асосида автомашинага эга бўлди.

Хусусан, Қўшработ тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимининг 21 нафар профилактика инспекторидан 5 нафари шу кунга қадар хизмат уйи билан таъминланди, шахсий автомашинага эга бўлди.

—Хизмат уйи билан таъминланишимиз турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган ҳаракатларимиз самарадорлигини оширди, —дейди тумандаги Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори Отақул Эшмуродов. —Сабаби, хизмат қилаётган ҳудудимдан 40 километр узоқликда яшардим. Бу эса бир қатор муаммолар туғдирарди. Шунинг учун туман марказида оилам билан ижарада яшашга мажбур эдим.

Хизмат уйи берилиши бу каби муаммоларга барҳам берди. Энди оиламдан кўнглим хотиржам, туну кун ўзимга бириктирилган ҳудудда хизматимни олиб бораман. Қолаверса, имтиёзли кредит асосида автомашина берилгани ҳам фаолиятимизга ижобий таъсир кўрсатади.

“Туркистон-пресс”