2017-11-16 16:26:00

ЁШ ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ

Глобал тадбиркорлик ҳафталиги доирасида қорақалпоғистонлик ёш тадбиркорлар, фермерлар, соҳага қизиқиши юқори бўлган олий таълим муассасаларида таълим олувчи талаба-ёшлар, экспертлар ҳамда “Строй вектор” МЧЖ таъсисчиси, “Panamilk” савдо белгиси остида сут ва сут маҳсулотларни қайта ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Ислам Панаев ва “Евро строй” МЧЖ раҳбари Азат Шимбергенов иштирокида очиқ мулоқот ва маҳорат сабоқлари ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади — ёшларнинг инновацион тадбиркорлиги ва “Startup” лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда мазкур соҳадаги ташаббусларини рағбатлантириш, уларга мутахассислар томонидан тегишли маслаҳатлар бериш, бугунги кунда улкан муваффақиятларга эришган илғор тадбиркорлар тажрибасини ўрганиш ва амалий тавсиялар олиш имкониятини яратиш, шунингдек, тадбиркорлик субъекти фаолиятининг барча босқичларида юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш, мазкур соҳадаги зарур ахборотларни олиш ва амалий масалаларни ҳал этишда ҳуқуқий маслаҳатлар беришдан иборат.

Очиқ мулоқотда тажрибали тадбиркорлар йиғилганларга ўз тадбиркорлик фаолиятини қандай қилиб бошлаганлиги ва фаолияти давомида учраган тўсиқлар ҳамда уларни қай тарзда бартараф этганликлари билан ўртоқлашди. Шунингдек, улар мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари учун яратилган имкониятлар, шароитлар ва бизнес муҳити дунёнинг деярли бирон бир давлатида мавжуд эмаслигини таъкидладилар. Бундай имкониятлар ва имтиёзлардан ёшларимиз унумли фойдаланган ҳолда ўз бизнесларини амалга оширишлари учун батафсил маълумотлар ва тегишли тавсияларини бериб ўтдилар.

Ёш тадбиркорлар тадбирдан сўнг “Panamilk” сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”