2017-11-16 18:08:00

“НАВОИЙ” ЭИЗ ҲУДУДИДАГИ КОРХОНАЛАР СОНИ ОРТМОҚДА

Бугунги кунда юртимизда қулай ишбилармонлик муҳитини ташкил этиш, шу орқали аҳолимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, фуқароларимизга қулай ва замонавий иш ўринларини яратиш мақсадида мамлакатимизда 11 та эркин иқтисодий зона ташкил этилган.

Мазкур эркин иқтисодий зоналар бугун  ўзининг қулай жўғрофий жойлашуви, логистика имкониятлари юқорилиги билан сармоядорларни ўзига жалб қилиб келмоқда.

Биргина “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ўзининг катта қулай ишбилармонлик муҳитига эгалиги билан ўтган йилда “FDI” халқаро журнали томонидан Марказий Осиёдаги “2016 йилнинг энг яхши эркин иқтисодий зонаси”,  дея эътироф этилган эди.

Бугунги кунда 18 та корхона фаолият юритаётган ҳудудда 100 турдан ортиқ маҳ­сулот ишлаб чиқарилмоқда.

Яқинда “Навоий” ЭИЗ дирекциясида Хитойнинг “Hebei New silk Road Import and Еxport trade” компа­нияси ҳамда “Navai steklo lyuks” МЧЖга гувоҳнома топшириш маросими бўлиб ўтди ва ушбу ҳудуддаги корхоналар сони яна иккитага ортди.

— Мен Ўзбекистонда сармоядорлар учун яратилган имтиёзлар ҳақида бошқа шерик­ларимга ҳам сўзлаб бераман, аминманки, улар ҳам бу ерда бизнес бошлашади. Биз юртингизда МДФ ва ДСП фанераларни ишлаб чиқаришни режалаш­тир­моқдамиз, — деди Хитой компанияси раҳбари Лю Пэйфенг.

 “Туркистон-пресс”