2017-11-17 16:18:00

ЎЗХДП: “ХОТИН-ҚИЗЛАР МАНФААТИ БИЗ УЧУН УСТУВОР МАСАЛА”

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши «Фаол аёллар» қаноти Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида жамиятда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиё­сий фаоллигини кучайтириш мавзусига бағишлаб давра суҳбати ўтказди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракция­си аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, «Фаол аёллар» қаноти аъзолари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

— Юртимизда аёлнинг қадри баланд, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекис­тон ХДП фракцияси аъзоси Комила Каромова. — ­Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласи, аввало, Конституция ва қонунларимизда мустаҳкамлаб қўйилган. Оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида 100 га яқин қонун қабул қилинган. Оила кодексига опа-сингилларимизнинг манфаатларини кўзлаб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

— Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида 300 га яқин хотин-қиз меҳнат қилади, — деди тиббиёт фанлари доктори Гулноза ­Искандарова. — Уларнинг аксарияти академик, тиббиёт фанлари доктори ва номзодлари. Сиёсий партия­лар билан ҳамкорликда ўтказилаётган давра суҳбатларида демократик ­ислоҳотлар хусусида кўпгина маълумотларга эга бўляпмиз. Биз тиббиёт ходимлари депутатлар билан бирга жойларга чиқиб, аёлларнинг тиббий маданиятини ошириш бўйича тарғибот ишларини кучайтиришимиз керак, деб ўйлайман.

Давра суҳбатида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, перинатал ва скрининг марказлар, патронаж хизматларининг моддий-техник базасини яхшилаш, кадр­лар салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова ва Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган артист Хосият­ Ҳусанованинг бадиий чиқишлари йиғилганларга манзур бўлди.

“Туркистон-пресс”