2017-11-17 16:36:00

ЖУРНАЛИСТЛАР КЕНГАШИБ ОЛДИЛАР

Бугун пойтахтимиздаги Миллий Матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, уюшманинг ҳудудий бўлимлари раислари,давлат ва жамоат ташкилотларининг матбуот хизмати раҳбарлари иштирок этди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш чора-тадбирлари, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидагиҳамда бошқа масалалар муҳокама  этилди.

Конференцияда маъруза қилган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Гавҳар Алимова, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов ва бошқалар қайд этишганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган янги босқичдаги ислоҳотларнинг самараси, Ўзбекистоннинг дунёдаги энг ривожланган, илҳор ва замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, барча соҳалар қатори, оммавий ахборот воситалари ривожи, медиа-тузилмаларда фаолият юритаётган журналистларнинг билим ва малакаси, ўз ишига масъулияти ва фидойилигига ҳам боғлиқ.

Эътироф этишжоиз, юртимизда оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Бу миллий медиа муҳитда нодавлат ОАВ сони тобора ошиб бораётганида ҳам намоён бўлмоқда. Ҳозирда республика миқёсида 1500 дан зиёд ОАВ фаолият кўрсатаётган бўлса, барча телеканалларнинг қарийб 53 фоизи, радиоканалларнинг 85 фоизи,босма нашрларнинг 60 фоизидан зиёди нодавлат оммавий ахборот воситалариҳиссасига тўғри келмоқда.

Энг тезкор ахборот воситаси – Интернет ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётир. Ҳозирги вақтда глобал тармоқда ОАВ сифатида рўйхатдан ўтган Uz доменли веб-сайтлар, ахборот порталлари сони 400 дан ошиб кетгани, уларнинг аксарияти хорижий тилларда ҳам фаолият кўрсатаётгани ушбу йўналишда янги ижодий авлод – Интернет журналистлари шаклланиб бораётгани диққатга сазовор.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан 2017 йил 3 август куни Тошкент шаҳрида ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги “Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” деб номланган маърузасида илгари сурилган таклифлар ва ғоялар ижодий ташкилотлар тарихида янги даврни бошлаб берди.

“Илҳом” жамоат фондининг ташкил этилиши, фаол ва эҳтиёжманд  журналистларни уй-жой билан таъминлаш, ижодий изланишларнинг фаол қўллаб-қувватланиши, Ўзбекистон ижодкор ёшларининг семинарлари,ижодий уюшмалар ҳамкорлиги, Дўстлар клубларининг йўлга қўйилиши, оммавий ахборот воситаларига солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича белгиланган қўшимча имтиёз ва префенциялар муддатинингяна беш йилга узайтирилиши, қалам ҳақининг оширилиши, Матбуот ва ахборот агентлиги ва Журналистлар ижодий уюшмаси ҳудудий бўлимларини молиявий қўллаб-қувватлаш каби чора-тадбирлар шундан далолат беради.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 августдаги “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”, 2017 йил 10 августдаги “Ўзбекистон Журналистлариижодий уюшмаси фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2017 йил 15 августдаги “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари миллий медиамуҳитда чинакам маънода катта воқеа бўлди.

Конференцияда давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорлариижросини таъминлаш доирасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Журналистлар ижодий уюшмасининг йил бошидан конференциягача ўтган даврдаги ташкилий, ижодий ва жамоатчилик ишлари билан боғлиқ фаолияти таҳлил этилди, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Маълумки, жорий йил 3 август кунги видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан йирик корхоналар билан ижодий ташкилотлар ўртасида Дўстлик клублари ташкил этиш ғояси илгари сурилган ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига Республика Товар-хом ашё биржаси ҳомий қилиб бириктирилган эди. Ўзаро ҳамкорлик борасида ўтган вақт давомида бир қатор тадбирлар амалга оширилди, икки ташкилот ўртасида Дўстлик клуби ташкил қилинди, клубнинг веб-сайти фаолияти йўлга қўйилмоқда. Биржа билан ҳамкорликда кам таъминланган, моддий ёрдамга муҳтож бир гуруҳ кекса журналистлар ҳолидан хабар олиниб, улар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида тилга олинган Қарорлари ижросини таъминлаш, миллий медиамуҳитдаги янгиланишлар Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Уставига айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини тақозо этади. Шу муносабат билан конференция иштирокчилари таклиф этилган тегишли ўзгартиш вақўшимчаларни тасдиқладилар. Кун тартибида бошқа қатор муҳим масалалар ҳам кўриб чиқилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 Жасур Ашуров,

“Туркистон-пресс”.