2017-11-17 19:29:00

ДЕПУТАТ БАРЧАНИ ФАОЛЛИККА ЧАҚИРМОҚДА

Конституциямизнинг 32-моддасига “Жамоатчилик назорати” тушунчаси киритилган. Мана шу нормани ўқиган ҳар бир фуқарода бир неча саволлар туғилади. Жамоатчилик назорати деганда нимани тушунишимиз лозимНазорат қандай мақсадларни назарда тутадиКимлар назоратни олиб борадиКимларни назорат қиладиҚандай ваколатларга эга ва ҳакозо, – деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ўрол Ҳаитов ўзининг facebookдаги саҳифасида. – Конституциямизнинг 32-моддасига мувофиқ, фуқароларимиз жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита вакиллари орқали иштирок этиши мумкин. Иштирок этиш, жумладан, жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали таъминланиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, давлат органлари устидан жамоатчилик назоратини олиб боришни назарда тутади.

– Ҳозирги кунда “Жамоатчилик назорати тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси кенг муҳокамалардан ўтказилмоқда, – дея фикрини давом эттиради депутат. – Қонун нормаларида юқорида таъкидлаб ўтилган саволларга батафсил жавоблар олиш мумкин. Энг муҳими, ҳали вақт бор, қонун лойиҳаси муҳокамасида иштирок этиш, ўзингизнинг мазкур масаладаги фикр-мулоҳазаларингизни билдиришингиз мумкин.

Мамлакатимизда миллий давлатчилик ҳамда жамиятни демократлаштириш ва эркинлаштириш жараёнининг янги босқичга кўтарилиши, ислоҳотларнинг тезкор ривожланиши, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошиши мазкур қонун лойиҳасининг заруриятини белгилаб беради.

Мана шу жараёнларда фаоллик кўрсатиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз.

Мамлакатимизнинг бугуни, эртаси ва келажаги Сиз ва бизга боғлиқ.

Ўрол ҲАИТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

“Туркистон-пресс”.