2017-11-17 20:00:00

«ANAMED» ВА «ОРТОСПАЙН»: ТИББИЙ ҲАМКОРЛИКНИНГ ЁРҚИН УФҚЛАРИ

Кейинги вақтларда мамлакатимизда тиббиёт тизимида амалга оширилаётган янги босқичдаги ислоҳотлар ўзининг ижобий самаралаарини кўрсата бошлади. Маълумки, тиббиёт тизими мунтазам равишда тараққиётни, изланишни, янгиликларни амалга тадбиқ этишни талаб этади. Бу мезонлар қарор топмас экан, соҳада муваффақиятларга эришиш мушкул.

Наманган шаҳридаги «ANAMED» диагностика маркази анашу талаблардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилган тиббиёт муассасаси ҳисобланади. Бу ердаги мавжуд тиббий асбоб-ускуналар, аппаратуралар, анжомлар замонавийлиги билан республикамиздаги саноқли воситалардан ҳисобланади. Мутахассислар малакаси ҳам шунга яраша – юқори. Улар соҳадаги энг сўнгги янгиликларни амалиётда қўллашга, умуртқа, орқа мия билан боғлиқ, шунингдек, ортопедик ва травматологик хасталикларга аниқ ташхис қўйишга эришмоқдалар.

Диагностика маркази ўз фаолиятида янги-янги ташаббусларга кўл урмоқда. Айниқса, хорижнинг илғор тиббиёт муассасалари, тажрибали мутахассислари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг йўлга қўйилаётгани ютуқлар омили бўлмоқда.

Яқинда «ANAMED» диагностика маркази ва Россия давлатининг «ОРТОСПАЙН» хусусий клиникаси ўртасида меморандум имзоланди.

Маълумки, «ОРТОСПАЙН» – Москва шаҳридаги энг нуфузли хусусий клиника ҳисобланиб, замонавий, юқори даражада технология, ускуна ва анжомлар билан жиҳозланган, умуртқа, орқа мия ва ортопедия ва травматология бўйича жарроҳлик амалиётларни муваффақиятли ўтказиб келмоқда. Бу ерда ҳар йили 1000-1200 оператив даволаш хизматлари кўрсатилади.

«ОРТОСПАЙН» хусусий клиникаси раҳбари, Россия Федерацияси Тиббиёт академиясининг нейрохирургия кафедраси доценти, Москва шаҳридаги 1-марказий клиник шифохона нейрохирурги, умуртқа ва орқа мия касалликлари бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Владимир Андреевич Басков «ANAMED» диагностика марказига ташриф буюриб, 100 нафарга яқин наманганлик беморларни кўрикдан ўтказди. Шунингдек, марказда қуриб битказилган жарроҳлик хоналарининг жиҳозланиши юзасидан ўз таклиф-тавсияларини билдирди.

Ҳар икки тиббий муассаса имзолаган Меморандумга асосан, келгусида “ОРТОСПАЙН” хусусий клиникаси мутахассислари ҳар ойда Наманганга ташриф буюришади ва «ANAMED» диагностика марказида мураккаб нейрохирургик жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.

Демак, Наманган вилояти тиббиёт тизимида нафақат республика, балки Ўрта Осиёда биринчи бор мураккаб нейрожарроҳлик бўйича операциялар амалга оширилади.

Санжарбек ҲАМИДОВ.

“Туркистон-пресс”.