2017-11-17 20:30:00

ДЕПУТАТНИНГ ЖОЙЛАРДА ДОИМИЙ ВАКИЛИ БЎЛАДИ

Ваниҳоят парламентимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг ўзи сайланган округдаги туман ва шаҳарларда вакили фаолиятини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилмоқда, – дея хабар бермоқда депутат Расул Кушербоев ўзининг facebookдаги саҳифасида. – Мазкур масалага доир қонун лойиҳаси куни кеча Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Қонун лойиҳасига кўра, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Бунда алоҳида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати вакили” деган модда киритилиб, унда сиёсий партия томонидан Қонунчилик палатаси депутати билан келишилган ҳолда партия ҳудудий бўлимининг тегишли сайлов округидаги ходимлари орасидан жамоатчилик асосида ишловчи вакил ажратиб берилиши мумкинлиги белгиланган. Ушбу вакил депутатнинг сайловчилар билан доимий алоқасини таъминлаш, депутат номига келиб тушган мурожаатларни қайд этиш ва бу ҳақда депутатга ахборот бериш, депутатнинг фуқароларни қабул қилиш ва учрашувлар ташкил этишга ёрдамлашиш каби вазифаларни амалга оширади. Шунингдек, вакил сайлов округида депутат ваколатини амалга ошириш билан боғлиқ бошқа ишларни ҳам ташкил этади. Бундай вакил фаолиятининг йўлга қўйилиши парламент депутатларининг ўз сайловчилари билан янада яқинроқ ва узлуксиз ишлашига ёрдам беради, албатта.

Расул КУШЕРБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

“Туркистон-пресс”.