2017-11-20 17:00:00

ШЎРЧИ ТУМАНИДА 120 ТА ИШ ЎРНИ ЯРАТИЛДИ

Бугун юртимизда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш сифатини ошириш ва улар турини кенгайтиришга, маҳаллий хомашё ва имкониятлардан тўғри фойдаланиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги «Мўмин текстил» масъулияти чекланган жамиятида юқори сифатли ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Умумий қиймати 5,6 млн. долларни ташкил этган лойиҳа доирасида, 2,9 гектар майдонда бунёд этилган мазкур корхонада йилига 3 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариб, маҳсулотлар тўлиқ экспортга йўналтирилиши белгиланган.

Маҳсулот сифатини юқори босқичга олиб чиқиш мақсадида Германиянинг “Риетер” компанияси замонавий технологик ускуналари ва дастгоҳлари билан жиҳозланган мазкур корхонада маҳаллий хомашёни сифатли қайта ишлаш, рақобатбардош саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур корхона мамлакатимиз саноати ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиш билан биргаликда, аҳолининг бандлигини ҳам таъминламоқда. Бу корхонада меҳнат қилаётган 120 та ишчи-ходимнинг аксарияти касб-ҳунар коллежини битирган ёш мутахассислардир.

“Туркистон-пресс”