2017-11-21 15:35:00

ЎЗБЕКИСТОНЛИК ЁШ ПАРЛАМЕНТ ВАКИЛЛАРИ – НУФУЗЛИ АНЖУМАНДА

Парламентнинг ёшлар масалалари бўйича комиссияси вакилларидан иборат делегация яқинда Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг ёшлар парламентлараро ассамблеяси йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ёшлар масалалари бўйича комиссияси ўзининг facebookдаги саҳифасида хабар бермоқда.

Таъкидлаш жоизки, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг ёшлар парламентлараро ассамблеяси 2012 йил 22 ноябрда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг парламентлараро ассамблеяси қарори билан МДҲ парламентлараро ассамблеясининг доимий фаолият юритувчи консультатив-маслаҳат органи сифатида ташкил этилган.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг ёшлар парламентлараро ассамблеясининг асосий мақсади МДҲ давлатлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга ёш парламент вакилларини жалб этиш, ёш парламент вакиллари ва ёшлар ташкилотлари вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашув ва мулоқотлар ўрнатишга шароит яратиш, ёшларни парламент дипломатиясига жалб этиш, Ҳамдўстлик давлатлари ёшларининг ҳуқуқий, ижтимоий фаоллигини оширишдан иборат.

2013 йил 29 мартда Санкт-Петербургда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг ёшлар парламентлараро ассамблеясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтганди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг ёшлар парламентлараро ассамблеясининг асосий ҳужжати “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг ёшлар парламентлараро ассамблеяси” ҳақидаги Низом ҳисобланади.

Ёшлар парламентлараро ассамблеяси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг парламентлараро ассамблеясига аъзо мамлакатларнинг ёш парламент делегацияси таркибидан шакллантирилади. Аъзоликка давлатларнинг 35 ёшгача бўлган миллий парламенти аъзолари ёки маҳаллий вакиллик органлари депутатлари, ёшлар парламентлари, МДҲ парламентлараро ассамблеяси аъзо давлатлар парламентлари ҳузурида тузилган ёшларнинг консультатив-вакиллик тузилмалари, ёшлар ҳаракатлари етакчилари шунингдек, ёшларнинг ижтимоий ташкилотлари вакиллари кириши мумкин.

Ўзбекистонлик ёш парламент вакиллари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг ёшлар парламентлараро ассамблеясининг йиғилишида илк маротаба иштирок этиб, унда ушбу тузилма билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича мулоқотлар олиб боришди.

“Туркистон-пресс”.