2017-11-21 17:57:00

СТАНДАРТЛАШТИРИШ ТИЗИМИДАГИ ЯНГИЛИКЛАР ЖАҲОН БОЗОРИГА КЕНГ ЙЎЛ ОЧАДИ

Ўзбекистон иқтисодиётида ислоҳотлар кўламини чуқурлаштириш ва кенгайтириш, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотларга қулай шарт-шароитлар яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳукуматимиз томонидан бир қатор қарорлар қабул қилинмоқда.

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни янада сифатли, бежирим, экспортбоп қилиб ишлаб чиқаришни Ўзбекистон Давлат ва халқаро стандарт талабларига назорат қилиш, уларни сертификатлаштириш ва сифат менежменти тизимларини жорий этишни такомиллаштириш мақсадида 2011 йил 28 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Сертификатлаштириш тартиботларини ва сифат менежменти тизимларини жорий этишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори қабул қилинган. Унга мувофиқ, «Ўзстандарт» агентлиги стандартлаштириш ва метрология бошқармалари қошида ташкил этилган Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш Бюроси ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 апрелдаги ПҚ №2935-Қарорига кўра Синов ва сертификатлаштириш маркази Давлат Корхонасига айлантирилди.

Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш Бюросининг қайта ташкил этилишидан кўзланган асосий мақсад ва вазифалар қуйидагилардан иборат:

– маҳсулот сифатини бошқаришнинг замонавий тизимларини, биринчи навбатда экспорт қилувчи корхоналарда кенг жорий этиш ва саноат маҳсулотларини халқаро стандартларга мувофиқ сертификатлаштиришни амалга ошириш;

– экспорт қилувчи корхоналарга маҳсулотларни сертификатлаштириш масалаларида қулай шароитларни яратиш, миллий сертификатлар ва мувофиқликни баҳолаш ишлари натижалари асосий экспорт бозорларида тан олинишига йўналтирилган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш;

– экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарга стандартлаштириш, сертификатлаштириш, ёрлиқлаш, ўраб-жойлаш ва бошқа параметрлар юзасидан халқаро ва мамлакатлараро талаблар бўйича бепул маслаҳат хизматларини кўрсатиш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқаришда халқаро стандартлар талабларини жорий этиш ва уларга эришиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда маҳсулотни хорижий бозорларга киритиш бўйича ахборот-маслаҳат ёрдами кўрсатиш.

Шунингдек, Бюро зиммасига юкланган вазифаларга мувофиқ, Ўзбекистонда, жумладан, Наманган вилояти ҳудудидаги корхоналарда тайёрланган маҳсулотларни экспортга чиқариш бўйича зарур ахборотлар тайёрлаш ҳамда стандартлаштириш, сертификатлаштириш соҳасида хорижий компаниялар ва фирмалар билан ўз ваколатлари доирасида бевосита ҳамкорлик ўрнатиш каби масалаларда иш олиб боради.

Хусусан, бугунги кунда корхона ва ташкилотларда ишлаб чиқаришда халкаро сифат тизимларини, яъни ISO стандартларининг жорий этилиши экспортга маҳсулот чиқаришнинг энг қулай йўлларидан бири бўлиб, маслаҳат хизмати кўрсатиш жараёнида бу масалага жиддий эътибор қаратиб келинмоқда.

Жаҳон бозорига киришда ва экспорт салоҳиятини оширишда халқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифат тизимларини жорий этиш муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли “CHORTOQ MINERAL WATER” МЧЖ ҚК, “Муҳаммадали Ҳамкор Бизнес” МЧЖ, “GABON TEXTILE” МЧЖ, “Асадбек Савдо Сервис” МЧЖлар раҳбарлари вилоят экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида корхоналарида сифат тизимлари жорий этишни Наманган ССМДК мутахассислари билан ҳамкорликда амалга оширмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 февралдаги 25 сонли баёнига асосан, Республика экспортёр корхоналарида ISO 9001 халқаро стандартларини жорий этиш вазифалари ва режа-жадвали белгилаб берилган. Режа-жадвалга асосан, 2017 йилга Наманган вилоятидаги 58 та экспортёр корхонада халқаро стандартларга мувофиқ сифат менежмент тизими жорий этиш белгиланган бўлиб, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 47 та корхонада халқаро стандартларга мувофиқ сифат менежмент тизими йўлга қўйилди. Шундан 18 таси халқаро даражада, 29 таси миллий даражада сертификатлаштирилди.

Алишер СУЛАЙМОНОВ,

Наманган синов ва сертификатлаштириш ДК қошидаги

Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси етакчи мутахассиси.

“Туркистон-пресс”.