2017-11-21 18:28:00

ИЧКИЛИК ОРТИДАГИ ИЗТИРОБЛАР

Бу мавзу ҳақида кўп ва хўб гаплар айтилди, лекин бу ҳақда қанча кўп гапирилса шунча камдек. Қадаҳ ва у келтирган кулфатлар хусусида сўз бошлашдан олдин ён-атрофимизда содир бўлган фалокатлар, кўнгилсизликларнинг бир-иккитасинигина айтиб ўтмоқчимиз.

Анвар маст ҳолатда машина бошқариб кетаётиб, салондаги йўловчиларнинг ҳам, ўзининг ҳам ҳаётига жиддий хавф етказди. Икки киши воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди. Тўрт кишининг оёғи синди, яқин танишининг бели оғир жароҳат олди.

Анварнинг синфдошлари воқеа содир бўлишидан олдин дўстининг туғилган куни ва янги автомашина сотиб олганини «ювди-ювди» қилишган эди.

Кўпқаватли уйда яшовчи Жамила холанинг «гап»чи дугоналарининг йиғилишлари қимматбаҳо коньяксиз ўтмайди. Фаҳм-фаросатли, оқила бу аёлни мана шундай давраларда иштирок этишига ҳеч кимнинг ишонгиси келмайди. Бошда кўпчилик бу одатни ёқтиришмаган эди, лекин ўзига бино қўйган, «маданиятли» хоним – Севаранинг таъсири кучли бўлди. «Бугун бутун дунё мамлакатлари байрамларда, туғилган кунларда, тўйларда ўз табрикларини шундай изҳор этишади. Илғор фикрли бўлайлик, замондан орқада қолманг, бўлмаса ҳаммага кулгу бўламиз». «Реклама» жуда таъсирчан эди, дугоналар осонликча таслим бўлишди. Умрида спиртли ичимлик деса етти қадам наридан юрадиган аёллар бугун бинойидек сипқоради. Ҳозир улар учун ичмайдиган одам маданиятсиз бўлиб кўринади.

Жамила опа ва унинг дугоналари юрагидаги энг покиза орзуларини қадаҳ кўтариб тилайдилар. Бу даврада афсуски ақл заифлашади, аёллик латофати, малоҳати, жозибаси, андишаси унутилади. Эс-ҳуши бошидан учган, бир гапириб ўн кулаётган бундай аёлларни юзида фариштаси йўқ дегингиз келади.

Маърифатпарвар адиб Абдулла Қодирий бобомиз ҳақ: «Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир». Тарихга назар ташласак, илдизи неча минг йилларга бориб тақаладиган насли тоза, иймони бут, эътиқоди мустаҳкам миллатлигимиз барчага аён. Халқнинг иродасини синдирмоқчи, букмоқчи, маҳв этмоқчи бўлганлар биринчи галда ичкиликбозликни тарғиб этгани биз учун қанчалар қимматга тушганига яқин тарих гувоҳ. Афсуски, ўша талотўплар орасида қайсидир иллатларни ҳам юқтириб олганимиз алам қилади кишига. Бу ҳали ҳануз онгли ҳаётга таҳдид этмоқда, авлодларни жар ёқасига олиб келиб қўймоқда. Буни кўра билиб-туриб ҳам, ўзимиз гоҳо истаб, гоҳи истамай ҳам унинг қулига айландик!

Бу фожиа – ичкиликбозликдир.

Бугун кўча-кўйда, бекатларда, ошхоналарда, ресторанларда, издиҳомларда, тўйларда, базмларда, туғилган кунларда, ҳатто совуқ маъракаларда(!), тасодифан танишув айёмларида ҳам бу манзарага дуч келаётганимиздан қўрқмай қўйдик. Ҳатто усиз ҳаёт ёрқин эмас. Чунки энг гўзал тилаклар, юрак тубидаги бебаҳо орзулар қадаҳ ушлаган кезларда айтиладиган бўлди.

«Европада асилзода, маданиятли инсонлар қувончли кунларда «тост» айтиб табриклайдилар. Бизнинг улардан нимамиз кам? Аёллар янгиликни тез ўзлаштирадилар, улар доимо илғор, бу борада замондан ўзиб кетишди. Биз европалашяпмиз, ҳамма нарсадан фожеа қидирмаслик керак. Осмон узилиб ерга тушгани йўқ», аччиғланди эътирозларимизни қабул қила олмаган маданиятли опахонлардан бири. 

Ҳар қадамда учрайдиган, дастурхон кўркига айланаётган маст қилувчи ичимликларнинг ортидан кўраётган кўнгилсизликлар, дилхираликлар камдек гўё. Ичкиликбозлик иллати урчигандан урчиб бормоқда, бу ҳол ҳеч кимни ташвишга солмай қўйди чоғи.

Тўйлар, туғилган кунларда «оқ сув» тортиш обрў-эътиборни белгиламоқда экан. Буни ҳатто тасаввурига сиғдиролмайдиган биродарларимиз ҳам йўқ эмас. Ҳатто диёнатни маҳкам тутган, имон-эътиқодли кишиларнинг издиҳомларида ҳам «оқ сув» чойнакка қуйилиб меҳмонларга узатилаётганини нима деб баҳолаш мумкин? Халқимизда «Меҳмон – атойи Худо», «Меҳмон отангдай улуғ» деган ҳикматлар бежиз айтилмаган. Қутлуғ остонамизга ортимиздан кириб келган азиз меҳмонларимизга ҳурмат-эҳтиром ифодасими бу? 

Фожиали жиҳати, тўйларда куёв боланинг-да қадаҳ кўтариши. Ахир… у чимилдиқ аталмиш муқаддас гўшага маст ҳолатда кирса… Яхши ният, пок орзулари билан қурилаётган оила қўрғони мастлик билан мустаҳкам бўлармиди? Насли тоза, тўрт мучаси соғ фарзанд туғилиши учун ота-онанинг луқмаси ҳалол бўлиши керак эмасми.

– Ароқхўрлик бу гиёҳвандлик сари бир қадам деганидир. Спиртли ичимликларнинг инсон хромосомаларига салбий – мутаген таъсири оқибатида одам ҳомиласининг турли нуқсонлар билан шаклланиши ҳамда оғир даражали туғма ногирон болаларнинг туғилиши фанда исботланган. Биргина ҳавас билан бошланган ичишнинг оқибати мана шундай аянчли бўлишини ҳис этишимиз керак, – дейди тиббиёт фанлари номзоди Муқаддасхон Абдуллаева. – Техник тараққиёт ривожланиб, тиббиёт сифати қанчалик яхшиланмасин, инсон ўз саломатлиги учун қайғурмаса, кутилган натижага эришиб бўлмайди.

Шу яқин атрофдаги қишлоқларнинг бирида ёши 45-50 ёшлардаги бир киши маст ҳолатда кўчада ухлаб қолган. Эртаси куни ҳамқишлоқлари унинг жасадини ариқ бўйидан топишди. Мурданинг юз-кўзини таниб бўлмас эмиш. Кейин билишса,  қаттиқ маст ҳолатдаги кишининг юзини каламушлар талаб кетишган экан.

Аксарият хонадонларда янги уй-жой қурмоқ учун яхши усталарни чорлаймиз. Иш тугаши билан албатта, устанинг кўнглини олиш учун яна «ҳалиги нарса»га тоби бор-йўқлигини сўраймиз. У албатта, чарчоқлар ёзилиши учун бўлса ёмон эмаслигини айтади. Қарабсизки, ҳар икки куннинг бирида қурилиш материаллари, устага тўланадиган маошдан ҳам ташқари харажатлар ҳисоб дафтарига спиртли ичимлик рўйхати ҳам тиркалади. Бу аслида ваҳима қилишга арзигудек кўринмаса ҳам лекин моҳиятан олиб қараганда жуда ҳам ташвишли ҳол.

Маълумотларга қараганда, ҳар куни ичмаса туролмайдиганлар ҳам бўлар экан. Улар ҳеч қачон ўз нафсини қондириш учун ҳатто тиланчилик қилишдан ҳам уятишмайди.

Наманган вилояти наркология диспансери бош врачи Рустамжон Раҳматуллаев билан суҳбатимиз ҳам айнан шу мавзуда кечди.

– Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра ҳозир дунё бўйича ҳар йили одам ўлдирилишига оид кўрсаткичларнинг тўртдан бири – спиртли ичимликларнинг истеъмол қилиниши билан боғлиқ, – дейди шифокор. – Шунингдек, мастлик ҳолати билан боғлиқ бўлган касалликлар ва шикастланишлар оқибатида ҳар йили ер юзида 2,5 млн. киши ҳаётдан кўз юммоқда. Улардан 15-29 ёшлилар сони ўрта ҳисобда – 320 минг нафарни ташкил қилади. Европада бир йилда бир юз беш млрд. АҚШ доллари маст қилувчи ичимликларга сарф қилинар экан. Бу ер юзидаги барча аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиши учун сарфланаётган маблағдан ўн марта кўп демакдир. Бу кетишда Европанинг ҳолига тушмасак. 

Рустамжон аканинг сўзларидан хавотиримиз камайгандек бўлса-да, лекин бу спиртли ичимликлар истеъмол қилувчилар сони батамом камайди дегани эмас.

Қонунчилигимизда ҳам ичкиликка қарши курашнинг акс этгани эътирофга лойиқ. Мамлакатимизда 2011 йилнинг 5 октябрда қабул қилинган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган. Мазкур Қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини тартибга солишга қаратилган 25 та моддадан иборат. Бу ҳужжат фуқароларнинг соғлигини, аввало, йигирма ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлигини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, шу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришга қаратилган. 2015 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга кўра Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритилиб, унга кўра илк бор жамоат жойларида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилганлик учун белгиланган жарималар миқдори ҳам оширилди.

Мазкур Қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган турли асоратлар, касалликлар, ўлим ҳолатлари, айрим хавфли ўсма касалликлари, қолаверса, туғма ва оғир ногиронликнинг камайишига олиб келади. Миллий генофондимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, келажак авлодимиз ҳар томонлама – жисмонан, ақлан соғлом, юксак интеллектуал қобилият эгаси бўлиб улғайишининг кафолати бўла олади.

Фақат гап қонунлар ижросига эътиборлилигимиз, уларнинг қай даражада бажарилаётганида қолди, холос. 

Кўнглингизга ғулғула солмоқчи эмасмиз, лекин кундалик одатларимизга сингиб бораётган иллат юқумли касаллик каби туппа-тузук зиёли, онгли кишиларни ҳам ўз домига тортиб кетмоқда. 70 йилдан ортиқроқ мустамлака сиёсати юздан пардани кўтариб, айрим урф-одатларимизга, қарашларимизга ўзгартишлар киритган эди дея тузумни айбдор қилсак, ҳеч ким бизни айбламасди.

Лекин ҳозирда-чи? Миллий анъана ва қадриятларимиз қайтиб, ўз эркимиз ўз қўлимизда, ҳуқуқ ва имконларимиз жуда ҳам кенг. Эришилаётган ютуқ ва муваффақиятлар, юқори кўрсаткичлардан фахру ифтихор қилсак арзийди. Юртимизда тинч ва осойишта ҳаёт, саодатли кунлар, фаровонлик ҳукм сурмоқда.

Бундай кунларнинг қадрига етиш, барқарорликни таъминлашда иллатларга қарши курашиш ҳам жуда ҳам зарур. Тарихий манбаларда ҳам миллатни таназзулга олиб келган мана шундай қусурлар экани ҳақида  қайд этилган. Эътиборсизлик ва лоқайдлик эса ўз илдизига болта уриш, ўзи ўтирган дарахтни кесиш билан баробар.

Маросимларда спиртли ичимлик қўйиш қатъий таъқиқланиб, маҳалла раислари, отинойилар, имом хатиблар, фаолларга шундай ҳақ-ҳуқуқ берилсаки, улар ҳар бир тўй ва маросимларни тартибли ўтишида ўзлари бош-қош  бўлишса. Ўз билганича иш тутганларга қонуний чоралар кўрилса…

Эҳтимол, жуда ошириб юборгандирмиз. Лекин нима бўлганда ҳам   аввало  ичкиликбозликка қарши курашиш учун мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг эътибори ҳам жуда зарур.

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА.

“Туркистон-пресс”.