2017-11-23 11:19:00

АВИАЙЎЛОВЧИЛАР УЧУН ЯНГИ ТАОМЛАР

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясида ҳаво кемасида тақдим этиладиган янги таомларнинг биринчи тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимот маросимидан олдин Тошкентнинг етакчи ресторанлари: “Caravan Group” ресторанлар тармоғи, «Navroʻz», «Moviy goʻmbazlar», «Tryufel», «Aprel», «Sal Sal» ва бошқа ресторанлар вакиллари саҳн овқатлари тайёрлайдиган “Ketring” давлат унитар корхонасига ташриф буюришди.

Рестораторлар олдиндан саҳн таомларига қўйиладиган санитария-гигиеник меъёрлар ва талаблар, таом тайёрлашнинг ўзига хос технологик жараёни, таомларни сақлаш, иситиш ва тақдим этишнинг ўзига хос жиҳатлари билан таништирилди.

“Caravan Group” ресторанлар тармоғи биринчи бўлиб авиайўловчилар учун саҳн таомлари турларини такомиллаштириш ғоясини ва таомлар намуналарини тақдим этди. Авиакомпания мутахассислари диққатига бизнес класс учун учта вариантдаги ва иқтисодий класс учун икки вариантдаги таомлар менюси таклиф этилди. “Caravan Group” технологлари томонидан ҳаммаси бўлиб  50 хилга яқин маҳсулот тури таклиф қилинди. Бундан ташқари,рестораторлар ўз намуналарини кулолчилик соҳасининг устаси Римма Газалиева эскизлари бўйича миллий услубда тайёрланган ўзига хос идишларда тақдим этдилар.

Рестораторларнинг барча таклифлари ҳақиқий парвоз шароитларида синаб кўрилади ва меъёрига етказилади, деб хабар бермоқда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг Ахборот хизмати.

“Туркистон-пресс”.