2017-11-23 16:16:00

ТОШКЕНТ МЕТРОПОЛИТЕНИ 40 ЁШДА

Куни кеча мамлакатимизда Тошкент метрополитени ташкил этилганининг 40 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида бўлиб ўтган байрам тадбирида метрополитен ва темир йўл фахрийлари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, соҳа ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Бу ҳақида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг Ахборот хизмати хабар берди.

Байрам табдирида сўзга чиққанлар бугунги кунда мамлакатимизда янги босқичдаги ислоҳотлар шиддат билан амалга оширилаётгани, бунинг самараси ўлароқ, юртимизнинг ҳар бир гўшасида, шаҳару қишлоқларида халқимизнинг муҳим ҳаётий манфаатларини таъминлаётган кенг кўламли бунёдкорлик, яратувчанлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганини таъкидлашди.

Ҳозирда умумий узунлиги 39 километрни ташкил этадиган Тошкент метрополитенида Чилонзор, Ўзбекистон ҳамда Юнусобод йўналишлари мавжуд, бекатлар сони 29 тани ташкил этади. Тезкор ва қулай транспорт воситаси сифатида бир кунда ўртача 191 мингдан зиёд йўловчи унинг хизматидан фойдаланади.

Айни вақтда давлатимиз раҳбарининг Тошкент метрополитени ривожини янада юқори даражага кўтариш мақсадида қабул қилган бир қатор муҳим қарор ва фармойишлари асосида Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналиши иккинчи босқичи, Сергели йўналиши қурилиши, Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линиясинининг бунёд этилиши жадаллик билан олиб борилмоқда.

Юқори сифат ва жадаллик билан барпо этилаётган метронинг Сергели йўналиши аввалгиларидан фарқли тарзда ер устидан ўтади. Метро шаҳарнинг ривожланиш режалари, йўловчилар оқими, турар-жой мавзелари, ишлаб чиқариш, савдо ва дам олиш масканлари жойлашуви, муҳандислик-геологик шароитларни инобатга олган ҳолда қурилмоқда.

Пойтахтимизнинг аҳолиси зич ҳудудларидан бири бўлган Юнусобод туманида узунлиги 7,6 километр бўлган, 6 та бекатдан иборат метро йўналишининг биринчи босқичи 2001 йилда ишга туширилган бўлиб, бугунги кунда ушбу йўналишнинг иккинчи босқич қурилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Тошкент шаҳрида ер устида бунёд этиладиган халқа метро линиясининг умумий узунлиги 52,1 километрни ташкил этади. Мазкур лойиҳа беш босқичда амалга оширилиб, лойиҳалар 2020 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилади. Ушбу йўналишлар тўлиқ фойдаланишга топширилгандан сўнг Тошкент метрополитенида бир йилда 70 миллион йўловчига хизмат кўрсатилади.

Байрам муносабати метрополитен тизимини ривожлантиришга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган, ишлаб чиқаришда юқори натижаларга эришган бир қатор ишчи-ходимлар “Фахрий ёрлиқ” ҳамда турли қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Санъат усталари ва ёш хонандалар иштирокидаги катта концерт дастури барчага манзур бўлди.

“Туркистон-пресс”.