2017-11-23 12:00:00

ГУЛИСТОНЛИК ЗУЛФИЯХОНИМ ҚИЗЛАРИ

Бугун юртимиз ёшлари орасида истеъдодларни кашф этишда жойларда ва республика миқиёсида ташкил этилаётган танлов ва тадбирлар алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Юртимиз иқтидорли қизларининг ўз билим ва тажрибаларини синаб кўришларида Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилиб ҳар йили мунтазам ўтказиб келинаётган  Зулфия номидаги Давлат мукофоти муҳим ўрин тутмоқда.

Гулистон шаҳрида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ушбу мукофот таъсис этилгандан буён унга сазовор бўлган қизлар ўз соҳаларида улкан муваффақиятларга эришиб, мамлакатимиз илм-фани, маданияти, адабиёт, санъат ва спорт соҳалари ривожи йўлида самарали меҳнат қилмоқда. Йилдан-йилга бу танловнинг нуфузи ҳам иштирокчилар сони ҳам бораётганлиги қувонарли ҳол албатта.

Жумладан, ўтган йили Сирдарё вилоятида ушбу танловнинг биринчи босқичида 2 минг 500 нафар иқтидорли қизлар иштирок этган бўлса, бу йил илк босқичда 4 минг 600 нафар қиз ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Ушбу тадбир уларнинг олиб бораётган илмий изланишлари, таълимдаги муваффақияти, мамлакат ва халқаро миқёсдаги спорт мусобақаларида эришган ютуқларининг ўзига хос тақдимоти ҳам бўлди.

Мазкур тадбирда илк босқич: ташкилот, корхона, муассасалар, иккинчи – шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 65 нафар адабиёт, фан, таълим, санъат ва маданият йўналишларида ғолиб бўлган қиз ўз маҳоратини яна бир бор синовдан ўтказди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Ҳар бир йўналиш бўйича энг яхши натижага эришган иштирокчи танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”