2017-11-23 18:08:00

БУХОРОДА “АДОЛАТ БИЛИМДОНИ” КЎРИК-ТАНЛОВИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилояти Кенгашида ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч руҳини шакллантириш,иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш мақсадида партиянинг “Адолат билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичи ташкил этилди. Унда партия ходимлари билан бирга туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган ёшлар, фаол партия аъзолари иштирок этишди.

Туман ва шаҳар Кенгаши ғолиблари вилоят босқичида ҳам жамиятда қонун устуворлиги ва барқарорлигига эришиш, мамлакатимизда эркин демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этишга кўмаклашиш, ҳуқуқий, сиёсий таълим-тарбияни намоён этиш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда фаоллигини кўрсатиш, партиянинг Устави ва Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар ҳамда мамлакатимизнинг Конституцияси, қонунларини кенг тарғиб қилиш борасидаги иқтидорларини намоён этишди.

Биринчи –таништирув шартида барча иштирокчилар таълим олаётган муассаса, туман ёхуд шаҳар партия ташкилотларининг сиёсий-ҳуқуқий, ташкилий тузилмаси ҳақида ўзлари тайёрлаб келган мультимедиа воситалари орқали тақдимотлар қилишди.

Сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги билимлар беллашувида иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Устави ва Сайловолди дастурига оид саволларга жавоб беришди.

“Уй вазифаси” деб номланган учинчи шартда эса Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси менинг тасаввуримда”мавзусидаги ижодий ишлар тақдим этилди.

Ҳайъат аъзолари адолат мезонига таянган ҳолда барча қатнашчиларни баҳолашди.

Учинчи ўринга Пешку туманидаги Афшона тиббиёт коллежи талабаси Саиджон Жўрақулов, иккинчи ўринга Когон шаҳар мактабгача таълим муассасаси ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Гавҳар Жамоловалар муносиб деб топилди. Биринчи ўринни қўлга киритган Шофиркон Иқтисодиёт коллежи ўқувчиси Мафтуна Ҳамидова эса республика босқичига қатнашиш имкониятига эга бўлди.  

Кўрик-танлов қатнашчилари партиянинг диплом, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Моҳигул Абдуллаева,

 “Туркистон-пресс”