2017-11-24 13:03:00

ЎЗБЕК ФУТБОЛИДА ҚАЧОН ЎЗГАРИШ БЎЛАДИ?

Ассалому алайкум! Сизларга ушбу хатни ёзишимга ўзбек футболининг бўлажак жаҳон чемпионати финалига чиқиш бахтидан бебаҳра қолгани сабаб бўлди. Мен футбол жамоаси ичидаги 25 йиллик фаолиятимдан келиб чиқиб, айрим фикр ва мулоҳазаларимни ёзишга қарор қилдим.

Марказий газеталар, футболга оид газеталар, радио ва телевидение мен зикр этмоқчи бўлганмавзу ҳақида фикр билдиришмайди. Чунки улардаги мутахассислар бундан хабардор эмаслар, десам мени тўғри тушунарсизлар. Қолаверса, бунинг яна бир асосий сабаби — футбол ичидаги камчилик ва хатоларни ҳамма билиб қолишидан чўчиш бўлса керак. Лекин уларда ҳам баъзи муаммолар кўтарилади. Фақат унда футбол атрофида, ёнидаги ёки ташқарисидаги ҳамма биладиган муаммолар ёритилади. Футбол ичидаги долзарб муаммо,хато ва камчиликлар эса негадир ёритилмайди. Қани энди футбол ичидаги ҳақиқий камчиликлар, хатоликлар, ёлғон ва сохталиклар имкон даражасидакамайтирилса, футболимиз анча олдинга қадам ташлаган бўларди.

Кўп йиллардан буён ОАВлардагичиқишларим, йиғилишлардаги, семинарлардагитаклиф ва мурожаатларим ҳали-ҳануз ўз натижаларини бермаяпти.Агар футболимиздаги мураббийлар, ҳакамлар ҳақида “досуг”, маърифат ва маънавиятларига бўлган эътибор, хато-камчиликлар ҳақида фикр юритсам ёки ўз билганларимни айтсам, кўпчиликка ёқмаслигим мумкин. Лекин мен профессионал футбол клубида кўп йиллик иш фаолиятим ва тажрибамга таяниб, спорт тиббиёти ҳақида ўз фикрларим, таклифларим билан чиқсам, хато бўлмас.

Бугунги кунда ўзбек футболида тиббий хизмат кўрсатиш қандай ҳолатда? Футболчиларнинг соғлиги, тиббий кўрикдан ўтишлари, профилактик ишлар қай даражада ташкил қилингани, шикастланганларга тўғри биринчи ёрдам бериш, доимий тиббий профилактик назоратга бугунги кунда олий лигада тўп сураётган баъзи жамоаларда бироз эътибор бор. Аммо биринчи ёки иккинчи лига, вилоят, шаҳар ва туман футболида, шунингдек, мактаб-интернатларда, болалар ва ўсмирлар футболида етарлича эътибор йўқ. Ҳатто баъзи жойларда Президентимиз ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қарорлари асосида ташкил этилган тиббий хизмат кўрсатиш ва даволаш хоналаридан фойдаланиш тўғри йўлга қўйилмаган.

Инсон яхши ишлаши, яхши яшаши учун соғлом бўлмоғи зарур. Футболчи эса яхши ўйин кўрсатиши учун бошқаларга нисбатан бир неча бор соғлом бўлиши керак. Яшириб нима қилдим, соҳада бажарилмаётган ёки бажарилиши пайсалга солинаётган қатор ишларнинг асосий сабаби сифатида одатда маблағнинг йўқлиги кўрсатилади. Лекин пулсиз ҳам бажарса бўладиган ишлар ҳам бажарилмаяпти. Оқибатда футболимиз, футболчиларимиз нималарга қодир экани чет давлатлар спортчилари билан ўтказиладиган ўйинларда яққол билинмаяпти.

Бугунги кун талабига жавоб бериш мақсадида тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш учун қуйидаги таклифларимни яна бир бор айтишга мажбурман: авваламбор, республика жисмоний тарбия диспансерини тиклаш керак. Шунингдек, вилоятлардаги, шаҳар ва туманлардаги йўқотиб юборилганжисмоний тарбия диспансерларини ҳам қайта тиклаш даркор.Иккинчидан, Соғликни сақлаш вазирлигининг футболдаги тиббий хизматни яхшилаш ва тўғри ташкил этиш ҳақидаги буйруқ ва қарорлари тўлиқ бажарилиши зарур. Учинчидан, футбол жамоаларида шифокорларнинг малакасини ошириш семинарларини дастур ва режалар асосида ташкил этиш зарур (афсуски, охирги семинар, яъни ўқув йиғини 2013 йилда ўтказилган эди). Тўртинчидан, мамлакатимиз футбол жамоаларида йил мобайнида белгиланган умумий маблағнинг ҳеч бўлмаса бир фоизини зарур тиббий асбоб-ускуналар, дори-дармон, витаминларга, турли шаклдаги даволанишларга, профилактик ишлар ва тикланишларга сарфлаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Юқорида билдирган фикр-мулоҳазаларим ўзбек футболида ҳақиқий профессионал мутахассиснинг йўқлигини билдиради. Аслида футболимизда тажрибали ва ҳурматли мураббийлар борлигини инкор этиб бўлмайди. Фақат уларни ўз ўрни-ўрнига қўйиш керак.

Яна бир гап: республикамизда болалар футболига эътиборни яхшилаш зарур. Бу ҳақида матбуотда танқидий мақолалар чиқиб турган бўлса-да, вазиятнинг ўзгариши қийин бўлаяпти. Шу ўринда Президентимиз Ш. Мирзиёев қатор йиғилиш ва анжуманларда айтадигансўзларини эслатиб ўтмоқчиман: “Камчилик ва хатолар ҳақида менга айтинглар. Қандайқилсак, натижа ва ютуқларга эришамиз?”

Президентимизнинг ўзи миллий футболимизни қўллаб-қувватлаб, қандай камчилик бўлишидан қатъи назар ёрдам беришга тайёр турганида негадир футбол ичидагилар хато-камчиликларни тан олиб, уни ҳамкорликда бартараф этишда сустлик қилишаяпти. Бу ҳол қачонгача давом этар экан?

Жорий йилнинг 12 август куни Ўзбекистон футбол федерациясининг ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди. Унда янги раҳбарлар сайланди. Энди барча умидларимиз федерацияга янги сайланган футболимиз раҳбарларидан.

Мирзабурхон ДЎСМУРАТОВ,

“Металлург” футбол клуби шифокори.

"Туркистон-пресс"