2017-11-24 13:00:00

НЕГА ФИРИБГАРЛИК КАМАЙМАЯПТИ?

Халқимиз учун “лафз” тушунчаси катта инсоний сифатлардан бири саналади. Аммо, бугунги кунда лафзи йўқ, ваъда бериб, ишончни суиистеъмол қилувчилар орамизда афсуски, кўпайиб бормоқда. Бундай кимсалар тез ва осонгина мўмай даромад топиш мақсадида бирор бир кўмакка муҳтож ёки нимадир харид қилмоқчи бўлиб турган инсонларнинг пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишга интилади. Таассуфки, ишонувчан, ўз ҳуқуқларини, қонунларни яхши билмайдиган юртдошларимиз аксарият ҳолларда уларнинг тузоғига илинишади. Бу борада аёлларимизнинг тилла буюмларга бўлган қизиқишларидан фойдаланиб, уларнинг мулкларини алдов йўли билан эгаллаш илинжида юрган фирибгарлар ҳам бугунги кунда кўпайиб бормоқда.

Яқинда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судида кўрилган жиноят иши фикримиз далилидир.

Муқаддам бир неча марта фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун судланган, бироқ бундан ўзига тегишли хулоса қилмаган Д.Алиев (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) 2016 йил июнь ойи ўрталарида шифохоналардан бирига бориб, у ерда юмуш билан юрган З.Шодиевага ўзини “маҳоратли заргар” деб таништиради.Аёлга замонавий тилла тақинчоқлар каталогини кўрсатиб, алдаб, унга тегишли 1.000.000 сўм миқдоридаги пулларини ва бир дона, 1.680.000 сўмлик 12 гр. тилла узугини олиб, ушбу узукни З.Шодиева каталогдан танлаган кўринишда янгидан ясаб беришни ваъда қилиб, воқеа жойидан яширинади.

Бундан ташқари, Д.Алиев 2016 йил июнь ойи ўрталарида яна бошқа бир шифохонага мижоз сифатида бориб, ходима Г.Каримованинг ишончига киради. Агар қўлидаги 4 гр.га тенг 1.335.000 сўмлик икки дона тилладан ясалган узугини берса, тез кунда Г.Каримова каталогдан танлаган кўринишга келтириб, янгидан ясаб олиб келиб беришини ваъда қилиб, жуфтакни ростлайди.

Ушбу фирибгар шахс тузоғига илинган фақатгина ушбу икки соддадил аёл эмас, балки улардан ташқари яна уч нафар аёл ҳам худди шу йўсинда ўзларининг тилла тақинчоқларидан айрилиб, жабрланувчи сифатида суд мажлисида иштирок этдилар.

Аслида, зебу зийнатга, турли тилла тақинчоқларга ўчлик аёллар қон қонига сингиб кетган, буни инкор этиб бўлмайди. Лекин соддалик ҳам эви биланда. Мана шундай арзимаган буюмлар, тилла тақинчоқлар деб муқаддас оиладаги муҳит ҳам ёмонлашмоқда. Оқибатда фирибгарларнинг алдовларига чув тушган аёлларнинг нафақат тинчлиги бузилаяпти, балки саломатлигига ҳам салбий таъсир этаяпти. Гоҳида биринчи бўлиш, тезроқ хоҳлаган нарсамизга эга бўлиш истаги фирибгарларнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлмаётганмикан, деб ўйлаб қоласан киши.

Орамизда ўз нафсига қул бўлган, шахсий манфаатини оиласи, маҳалласи, халқи, миллати, Ватани манфаатларидан устун қўядиган шахслар жамият тараққиётига тўсиқ бўлаверади. Бу каби кимсаларнинг қинғир қилмишлари эса нафс балосининг қармоғига илинай деб турган инсонларга ҳаётий сабоқ бўлса ажаб эмас.

Мавлон ГАФУРОВ,

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод тумани судининг судьяси

“Туркистон-пресс”