2017-11-24 15:15:00

O`ZLIDEP ВА БАНК-МОЛИЯ АКАДЕМИЯСИ ҲАМКОРЛИГИДАГИ ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ЎЗ ИШИНИ БОШЛАДИ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ҳамда Тошкент молия институти билан ҳамкорликда“Ўзбекистон иқтисодиёти рақобатбардошлигини оширишда банк-молия тизимининг самарали таъсирини кучайтириш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилмоқда.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзолари, партия фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ва Тошкент молия институти профессор-ўқитувчилари ва изланувчилари, қатор вазирлик ва идоралар, шунингдек, Япония Молия вазирлиги қошидаги Сиёсат Тадқиқотлари институти, айрим хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Ислом Тараққиёт банки, “Джи Пи Морган Чэйз” банки, «Ландесбанк Баден-Вюртемберг» (Германия) банкларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этмоқда.

Конференцияда валюта сиёсатини либераллаштиришнинг миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишдаги роли, иқтисодиётни либераллаштириш шароитида давлат молия тизимини янада такомиллаштиришнинг устувор масалалари, мамлакатда иқтисодий ўсишни солиқлар орқали рағбатлантиришнинг замонавий механизми ва тенденциялари, инвестицион муҳит жозибадорлигини ошириш ва хорижий инвестицияларни кенг жалб этишнинг муҳим йўналишлари, банкларнинг барқарорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик каби масалаларга эътибор қаратилади.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”