2017-11-24 19:09:00

ЎЗБЕКИСТОН МАНФААТЛАРИ УСТУВОР

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг жадал ривожини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг янги босқичида белгилаб олинган устувор йўналишлар ва вазифаларни амалга ошириш, барча соҳаларда самарали ва сифатли фаолият юритувчи мутлақо янги тизимларни яратиш, ҳудудларни комплекс ва жадал ривожлантириш каби бугунги кунда халқимизнинг ёруғ келажаги билан боғлиқ ўта муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этиш билан бир қаторда, мана шу қисқа давр мобайнида ўндан ортиқ мамлакатларда давлат ва амалий ташрифлар билан бўлди ҳамда нафақат халқимиз, балки инсониятнинг эртанги куни билан боғлиқ бўлган йирик халқаро анжуманларда иштирок этди.

Шулардан бири ҳозирда Жанубий Корея Республикаси Президенти Мун Чже Иннинг таклифига биноан амалга оширилаётган давлат ташрифидир. Мазкур ташриф Корея Республикаси билан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янги поғоналарга кўтариш ва янада ривожлантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Бугун мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан фаол ва самарали ташқи сиёсат олиб борилиб, бунда асосий йўналишлардан бири сифатида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Бугунгача Корея Республикасининг мамлакатимизга жалб этилган инвестициялари ҳажми 7 млрд. АҚШ долларидан ортиқни ташкил этмоқда. Улар капитали иштирокида нефть-газ, нефть-кимё, машинасозлик, электротехника, енгил саноат, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа соҳаларда 460 дан ортиқ корхона фаолият олиб бораётганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Ташриф доирасида давлатимиз раҳбари икки мамлакат молиявий-иқтисодий тузилмалари раҳбарлари, етакчи ишбилармонлари ва йирик компаниялар вакиллари иштирокидаги Жанубий Корея – Ўзбекистон бизнес-форумида қатнашди ва сўзга чиқди.

Президентимиз мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик изчил ривожланаётганлиги, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити янада яхшиланиб, бизнес юритиш учун етарли шароитлар ва қулай имкониятлар яратилаётганлигини таъкидлаб, Ўзбекистон Кореялик ишбилармонлар ва бизнес вакиллари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини қайд этди.

Анжуманда сўзга чиққан Кореялик иқтисодиёт, молия ва ишбилармон доира вакиллари мамлакатимизда бизнесни амалга ошириш учун яратилган имониятларни юқори баҳолаб, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида эканликларини эътироф этганлар.

Албатта, давлатимиз раҳбарининг ташқи сиёсат, иқтисодиёт ва гуманитар соҳаларда олиб бораётган фаол ва самарали ислоҳотлари аввало, Ўзбекистон манфаатларини кўзлаб, унинг халқаро нуфузини оширишга ҳамда мамлакатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

"Туркистон-пресс"