2017-11-24 19:19:00

ШОШИЛИНЧ ТИББИЙ ХИЗМАТ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА

Наманган вилоятида аҳолига кўрсатилаётган шошилинч тиббий хизматни давр талаблари асосида ривожлантириш чоралари изчил амалга оширилмоқда. Куни кеча соҳа автотранспорт парки Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган 10 та NYUNDAI реанимобиллари билан бойитилди.

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, айниқса, тез тиббий ёрдам хизматини янада такомиллаштириш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Президентимиз томонидан қабул қилинган “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонда белгилаб берилган вазифалар ижроси босқичма босқич таъминланяпти. Вилоятда ҳам бу йўналишда изчил иш олиб борилаётир. Бинобарин, шошилинч тиббий хизмат даражасини кўтариш учун замонавий технологиялар жорий қилинмоқда.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилояти филиалида маълумотларни узатишнинг ягона тармоғи бирлаштирилди. Вилоятнинг барча ҳудуди бўйича тез тиббий ёрдам чақириқларини қабул қилиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган мувофиқлаштирувчи диспетчерлик хизмати шакллантирилди. Марказдаги санитар автотранспортларига GPS навигаторлари ўрнатилган. Диспетчерлик пунктидаги монитор орқали чақириқда юрганлар доимий назоратга олинган.

Ўтган йили тез тиббий ёрдам бригадалари 155 тани ташкил этганди. Бугунга келиб улар сони 178 тага етказилди. Ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам шохобчалари сони эса 80 тадан 102 тага кўпайтирилди. Шу билан бирга, тез ёрдам хизмати ихтисослаштирилган автомашиналар паркини янгилаш борасидаги ишлар жадаллаштирилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 79 янги автотранспорт воситаси олинди. Улар эскирган ва таъмирталаб автомашиналар ўрнини эгаллади. Натижада чақириқлар бўйича хизмат кўрсатиш янада тезлашиб, нажотталаб ҳамюртларимизнинг саломатлигини муҳофаза қилиш самарадорлиги ортди. Дори-дармон таъминотида ҳам ижобий кўрсаткичлар қайд этилмоқда.

Тизимни энг замонавий, хорижий санитар автомашиналари билан таъминлашга йўналтирилган ишлар ҳам эътиборга молик. Ўтган йили Японияда ишлаб чиқарилган “Nissan” реанимобилларидан 8 тасининг ишга солиниши хизмат фаолиятини янги босқичга кўтариш имконини яратганди. “Саломатлик-3” лойиҳаси асосида Жанубий Кореядан олиб келинган NYUNDAI русумли реанимобиллар эса бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада такомиллаштиришга йўл очиши шубҳасиз. Ҳар бирининг нархи 227 миллион 625 минг сўмни ташкил этиши ҳам реанимобилларнинг энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганидан далолат беради.

– Янги автомашинага ўрнатилган мукаммал тиббий жиҳоз ва аппаратлар реанимацон ва махсус тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган. Яъни тез тиббий ёрдам бригадаси оғир аҳволдаги беморга қон тўхтатиш, сунъий нафас олдириш ва бошқа кичик амалиётларни йўлда, шифохонага етгунга қадар амалга ошириши мумкин, – дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош шифокори Шокиржон Юсупов.

Наманган шаҳридаги “Уч фаввора” хиёбонида NYUNDAI русумли реанимобилларнинг тақдимоти ўтказилди. Унда сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов ва бошқалар давлатимиз раҳбари раҳнамолигида юртимиз тиббиёти юксак суръатлар билан равнақ топиб бораётганлигини эътироф этиб, улуғ айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилаётган реанимобиллар халқимизга малакали ва кафолатли тиббий хизмат кўрсатилишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Бу тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятини янада яхшилаш йўлидаги хайрли ва эзгу мақсад ижобатини топаётганидан дарак беради. Яқин кунларда яна 14 та ихтисослаштирилган санитар автомашинаси олиниши кутилмоқда. Пировардида вилоятдаги жами 178 та тез тиббий ёрдам бригадасининг автотранспортга бўлган эҳтиёжи тўла таъминланади.

Абдулла ҒОЗИЕВ.

“Туркистон-пресс”.