2017-11-28 17:27:00

НОДАВЛАТ ТАЪЛИМ ФАОЛИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЗАРУРАТИ

Мамлакатимизда бугунги таълим тизими таҳлил этилганда, мактабгача таълим соҳасида олиб борилаётган ишларнинг самараси ва натижаси етарли даражада эмаслиги маълум бўлмоқда. Хусусан, сўнгги 20 йил давомида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоиздан зиёдроқ камайган бўлиб, бугунги кунда республика бўйича болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиниши 30 фоизни ташкил этади.

Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базаси замонавий талабга жавоб бермайди. Мактабгача таълим тизимида вариатив дастурлар жорий этилмаган, болаларни мактабга тайёрлаш бўйича муқобил, мослашувчан моделлар етарли даражада ривожланмаган ҳамда тараққий этган мамлакатлар сингари ижтимоий, шахсий, ҳиссий, нутқий, математик, жисмоний ва ижодий ривожлантириш, атроф-муҳит билан танишувга йўналтирилган махсус давлат таълим дастурлари тадбиқ қилинмаган.

Умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим тизимини ривожлантиришга йўналтириш, таълимнинг бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда масъулиятини ошириш, ўқув-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини самарали жорий этиш орқали таълим сифатини таъминлаш масаласи долзарб вазифалардан биридир.

Шу асосда давлатимиз раҳбари томонидан ўтган бир йилга яқин вақт мобайнида илм-фан, фан-таълим, таълим-тарбия соҳасини замон талабларига мос ривожлантиришни таъминлаш, том маънода муносиб кадрлар тайёрлаш, соғлом ва етук муносиб авлодни етиштириш борасида 30 га яқин Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Албатта ушбу ҳужжатларда, хусусан, Президентимизнинг жорий йил 15 сентябрдаги “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ва 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида давлат таълим тизими қаторида нодавлат таълим фаолиятини ислоҳ этиш, ушбу фаолиятни такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Маълумки, давлат бюджетининг салмоқли қисмини бир маромда бир статистик жадвалга мослашган шаклда ушбу соҳага ажратилиши кўзланган натижага эришилганини амалда тўла оқламаётгани, таълимнинг юқори сифатини таъминлашда давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш зарурати ортганлиги, бу борадаги тажрибада тобланган ва кўзга кўринган натжаларга эришган энг илғор тажриба шуни тақозо этаётгани аҳамиятга моликдир.    

Шу ўринда, умумтаълим мактабларининг энг истеъдодли ўқувчиларини танлаш, уларнинг интеллектуал қобилиятларини янада ривожлантириш ва ўқишни олий таълим муассасаларида давом эттиришга мақсадли тайёрлаш, айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига бириктириш ҳамда таълимнинг узлуксизлиги ва узвийлиги тамойилларига риоя қилган ҳолда иқтидорли ўқувчилар билан иш олиб бориш доирасида улар ўртасида ўзаро амалий ҳамкорлик механизми тасдиқланиши назарда тутилмоқда. Ҳар йилги Инвестиция дастури лойиҳасини ва қурилишларнинг манзилли рўйхатларини шакллантиришда академик лицейлар негизида ташкил этиладиган касб-ҳунар коллежлари учун янги ўқув устахоналари қуришга маблағлар ажратилиши назарда тутилади. Меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартларида жалб этиладиган профессор-ўқитувчилар таркиби меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш миқдорларини олий таълим муассасалари талабалари билан ўқув машғулотлари олиб борилганлиги учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорларига тенглаштирилади. Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш, таълимнинг юқори сифатини таъминлашда давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, шунингдек, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш,иқтидорли болалар ва истеъдодли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш орқали таълим-тарбиянинг юқори сифатини таъминлайдиган қулай шарт-шароитлар яратиш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш учун анъанавий таълим хизматлари билан бир қаторда сифатли ва оммабоп таълим олишнинг муқобил имкониятларини яратадиган пуллик таълим хизматлари кўрсатиш бозорини жадал ривожлантириш белгиланди.

Айни ҳужжатга асосан илғор халқаро тажрибаларни инобатга олиб, ўқитишнинг инновацион педагогик шакллари, услублари ҳамда замонавий технологияларидан фойдаланиш асосида таълим соҳасидаги самарадорлик ва натижавийликни ошириш, нодавлат таълим хизматлари фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар, ўз фаолиятини давлат таълим стандартлари ва талаблар асосида амалга оширилади. Амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга қатъий риоя қилган ҳолда юқори малакали педагог ва бошқа кадрлар билан таъминлаш, таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш чоралари кўрилади.

Энг муҳими, битирувчиларга давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжат берилади.Мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатадиган юридик шахслар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли фарзандларини танлов асосида муассасадаги жами ўқувчилар умумий сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда таълим хизматларини кўрсатиш эвазига келиб тушган даромадлар ҳисобидан бепул (грант асосида) ўқишга қабул қилиши белгилаб қўйилган. Кейинги йилларда ўқувчиларни бепул (грант асосида) ўқитишни давом эттириш бўйича қарор нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахс томонидан таълим олувчининг оилавий шароити ва унинг академик натижаларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади.

Нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларга давлат мулки бўлган фойдаланилмаётган бино, объектлар ва иншоотларни давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида ўрнатилган тартибда сотиш ташкиллаштирилмоқда. Таълим жараёнини ўқитишнинг энг замонавий технологияларидан фойдаланган ҳолда фанларни чуқурлаштириб ўргатиш йўналишида ташкил этиш, илғор илмий-амалий тажрибани жорий этиш ҳамда чуқурлаштириб ўрганиладиган фанларни чет тилида ўқитиш учун таълим жараёнига хорижий педагог ва мутахассисларни жалб қилиш, нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасида давлат-хусусий шерикчилик самарали механизмларини жорий этиш, илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларини такомиллаштириш устивор вазифа касб этди.

Шу билан бир қаторда, таълим тизими фаолиятидаги кузатишлар ва ушбу соҳада тўпланган илғор хорижий тажрибани эътироф этган ҳолда айтиш мумкинки, соҳа фаолиятида бугунги кун талабидан келиб чиқиб долзарб деб қаралаётган вазифаларимиз:

Яъни, мактабгача, мактаб, ўрта-махсус босқичларида нодавлат таълим улушини кенгроқ жалб этиш, олий таълим босқичи муассасалари тизимида хусусий секторни изчил шакллантириш;

Мактабгача таълимни 3 йиллик (3-6 ёш) таълим шаклида ушбу ёшдаги болаларни қамраб олиш масаласини ҳаққоний ва пухта прогнозлаштирган ҳолда, босқичма-босқич таъминлаш ва бунинг ҳуқуқий асосини белгилаш юзасидан тегишли қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;

“Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурини янги таҳрирда қабул қилиш жараёнида таълим-тарбиянинг чуқур маънавий ва маърифий негизга таяниши, унда хусусий секторнинг иштироки, мактабгача таълимнинг ҳам умумий таълим тизимида муҳим аҳамиятга эгалиги, ижобий самара берган илғор хорижий тажрибага алоҳида эътибор қаратиш нуқтаи назарида кўриб чиқиш;

Олий таълим тизимида нодавлат таълим тизимини йўлга қўйиш, айниқса, бизнес юритиш, корпоратив бошқарув, хизмат (сервис) кўрсатиш, ҳунармандчилик ва бошқа соҳаларда босқичма-босқич нодавлат олий таълим муассасаларини ташкил этиш, таълим сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш, интеллектуал қобилиятларини руёбга чиқариш, улар салоҳиятини янада ривожлантириш ва таълим муассасаларида мақсадли чуқур тайёрлаш, ўқувчи ва талабаларнинг ижодий салоҳияти намоён бўлиши ва фаоллашишига кўмаклашиш, индивидуал истеъдодларни ва ҳар бир ўқувчининг қобилиятини намоён этишига замин яратади. Бу эса, пировард натижада жонажон юртимизни янада гуллаб-яшнаши, аҳоли турмуши обод ва фаровон бўлишига хизмат қилади.

Лола МУРОТОВА,

ЎзЛиДеП партиясидан Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига номзод, Академик лицей катта ўқитувчиси.

(“Туркистон-пресс”).