2017-11-28 17:47:00

ЖИЗЗАХДА ТЎРТ ЮЛДУЗЛИ МЕҲМОНХОНА ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Бугунги кунда юртимизда туризмни ривожлантириш, шаҳарлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини яхшилаш, туризмни ривожлантириш орқали янгидан-янги иш ўринлари яратиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурлар режаси асосида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш,маҳаллий ва чет эллик сайёҳарга вилоятга ташриф буюриш давомида мазмунли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида кўплаб замонавий меҳмонхоналар қурилиб, мавжудлари янгича  қиёфада қайта таъмирланиб,фойдаланишга топширилмоқда.

Жумладан, Жиззах шаҳрида тўрт юлдузли “Гранд Ҳотел Узбекистан” меҳмонхонаси мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Бутунлай бўшаб қолган иншоотни таъмирлаш, замонавий меҳмонхона барпо этишда “ГрандТовер” масъулияти чекланган жамияти ўз маблағи ва “Асакабанк”нинг вилоят филиалидан олинган 33 миллиард сўмлик имтиёзли кредитдан фойдаланди. Иншоотда “Агростандартплюс” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 40 миллиард сўмлик таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилди.

180 ўринли меҳмонхонадаги шинам, бири-бирини такрорламайдиган дизайнга эга, замонавий мебеллар билан жиҳозланган 4 та апартамент, 108 люкс ва 24 оддий хонада меҳмонлар яшаши ва дам олиши учун барча қулайлик яратилган. Ресторан, кафе, бар, интернет клуб, кутубхона, 80 ўринли конференц-зал халқаро андозаларга мувофиқ жиҳозланган.

“Туркистон-пресс”