2017-11-28 20:40:00

КЕНГ КЎЛАМЛИ ИСЛОҲОТЛАР ДАСТУРИЛАМАЛИ

Яқинда Конституциямиз қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини кенг нишонлаймиз. Айтиш жоизки, Асосий Қонунимиз давлат мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осуда ҳаёти, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати, юртимизда бозор муносабатлари ҳамда хусусий мулк устуворлигига асосланган демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Айни чоғда у халқимизни озод ва обод Ватан, эркин ҳамда фаровон ҳаёт қуришдан иборат улуғ мақсад йўлида бирлаштирувчи муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойишида қайд этилганидек, Асосий Қонунимизда белгилаб берилган қоида ҳамда тамойиллар негизида самарали миллий қонунчилик тизими, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланиб, ҳаётимизнинг барча соҳа ҳамда тармоқларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳияти юксалиб, халқимизнинг онгу тафаккури тобора ўсиб бораётир.

Жорий йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилиниб, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган улуғвор ғоянинг ҳаётга тадбиқ этилиши, одамлар билан мулоқот қилиниб, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ҳамда эҳтиёжларини ўрганиш ва ҳал этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар Конституциямизнинг принцип ҳамда нормаларини ҳаётга жорий қилишни янги босқичга кўтарди, десак, айни ҳақиқат.

Қисқа даврда, Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари тубдан қайта кўриб чиқилди, аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизм ва усуллари жорий қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ҳамда жойларда Халқ қабулхоналари ташкил этилди ва улар айни чоғда самарали фаолият кўрсатаётир. Шу билан бирга, барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ҳамда ички ишлар органлари раҳбарларининг халқ олдида ҳисобот бериши тизими йўлга қўйилди.

Ушбу саъй-ҳаракатлар самарасини эса ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришлар мисолида ҳам кўраяпмиз. Хусусан, жорий йилнинг 5 — 14 июль кунларида “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўровда респондентларнинг 89,2 фоизи Президент Шавкат Мирзиёевнинг Халқ қабулхоналарини таъсис этиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди. Юртдошларимиз фикрича, фуқаролар билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, Виртуал қабулхона, Халқ қабулхоналари институти шаклида мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги тизимнинг йўлга қўйилиши ижтимоий адолатни таъминлаш орқали барча соҳадаги муаммоларни ҳал қилишда самарадор ёндашув эканлигини кўрсатмоқда. Бу институт ишга тушганидан буён 1,2 миллиондан ортиқ мурожаатлар бўлгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Шак-шубҳасиз, бундай янгиланишлар Конституцияда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги принципининг ҳаётий ифодасидир. Халқ ҳокимиятчилиги демократия-нинг мазмуни ҳамда ажралмас шарти сифатида Бош Қонунимизнинг асосий принциплари орасида алоҳида ўрин тутади.

Бунинг моҳияти шуки, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи бўлиб, давлат халқ иродасини ифода этади ва унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ҳамда мансабдор шахслар ўз ваколатларини халқдан олади ва жамият ҳамда фуқаролар олдида масъулдир. Фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқидан фойдаланади. Давлат ҳокимияти фақат халқ номидан амалга оширилади, давлат ҳокимияти муайян бир гуруҳ, партия ёки бошқа идора номидан амалга оширилишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Президенти иш олиб бориши мумкин.

Аёнки, халқ ҳокимиятчилиги принципи кўплаб демократик давлатлар Конституцияларидан ўрин олган. Шу маънода, Асосий Қонунимизнинг II боби “Халқ ҳокимиятчилиги” деб номланиши ҳам бежиз эмас. Унда халқ ҳокимиятчилигини рўёбга чиқариш бўйича муҳим қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган.

Халқ ҳокимиятчилиги хусусида сўз бораркан, “халқ” атамаси кимларни қамраб олиши ҳақидаги савол юзага келиши табиий. Асосий Қонунимизнинг 8-моддасида Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил қилиши белгиланган. Бу қоида мамлакатимиз фуқаролари бўлган барча миллат ҳамда элатлар вакилларининг Конституция ва қонунлар олдида тенглигини, бир хил фуқаролик мақомига эгалигини кўрсатади. Таъкидлаш керакки, ушбу қоида Конституциямизнинг устувор хусусиятларидан бўлиб, аксарият мамлакатлар асосий ҳужжатларида бундай қоидалар мавжуд эмас.

Халқ ҳокимиятчилиги принципи фуқароларнинг жамият ҳамда давлат ишларини -бошқаришда бевосита ва ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқида ҳам намоён бўлади. Асосий Қонунимизга мувофиқ, бу ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ҳамда давлат органларини демократик тарзда ташкил қилиш, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади.

Халқ ҳокимиятчилиги принципи билан бевосита боғлиқ бўлган устувор қоидалар ҳам бўлиб, улар давлат ҳокимияти тизимида ўзаро тийиб туриш ҳамда мувозанат сақлаш, ижтимоий-сиёсий хилмахилликни таъминлаш, муҳими, инсон манфаатларининг давлат манфаатларидан устуворлигини кафолатлашга хизмат қилади. Чунончи, Конституциянинг 11-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади. Унинг 12-моддасида Ўзбекистонда ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ҳамда фикрларнинг хилмахиллиги асосида ривожланиши, ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмаслиги баён қилинган.

Умуман, Конституциямизда халқ ҳокимиятчилиги принципининг умумэътироф этилган барча қоидаси ифодаланган ва улар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда дастуриламал бўлмоқда.

Раҳимжон ҲАКИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

«Туркистон-пресс».