2017-11-29 13:46:00

БЎЛҒУСИ ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИНИНГ ҲАРБИЙ ҚАСАМЁДИ

Президентимиз раҳнамолигида бугун ёшларимизни, айниқса, бўлажак Ватан ҳимоячиларини юртга садоқатли, мард ва жасур, чинакам Ватаннинг содиқ ўғлонлари қилиб тарбиялаш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Гулистон шаҳрида Сирдарё вилоят “Фахрийлар-СВ” афғон уруши фахрийлари ватанпарварлик уюшмаси оталиғида ташкил этилган “Сайхун зиё ниҳоллари”  ҳарбийлаштирилган нодавлат таълим муассасаси ўқувчиларининг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокимлиги, халқ таълими бошқармаси, ҳарбийлар, уюшма аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари, ҳарбийлаштирилган нодавлат таълим муассасаси ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари иштирок этдилар.

Тарбияланувчилар қасамёд қабул қилгач, оркестр садолари остида ҳарбийча сафдан ўтишди. Сўнгра улар сабоқлар жараёнида ўрганган қўл жанги, самбо, дзюдо, таеквондо жанговар спорт турлари бўйича кўргазмали чиқишларини намойиш этишди. Жажжи ҳарбийларнинг чиқишлари йиғилганларнинг жўшқин олқишига сазовор бўлди.

— Мактабдан ташқари нодавлат таълим муассасамиз ташкил топганига саккиз йил тўлди, илк қалдирғочларимиз аллақачон республикамиздаги турли олий ҳарбий билим юртларини битириб, баъзилари шартнома асосида, айримлари муддатли ҳарбий хизматда Ватан мудофааси йўлида собитқадамлик билан хизмат қилишмоқда. Битирувчиларимизнинг аъло хизматлари учун уюшмамиз номига келаётган раҳматномалар биз учун улкан фахрдир, — дейди  вилоят “Фахрийлар-СВ” афғон уруши фахрийлари ватанпарварлик уюшмаси раиси Абдураҳим Мадрайимов. — Ушбу нодавлат таълим муассасасига болалар 5-синфдан қабул қилиниб, муассасада 5-9-синф сабоғини олишмоқда, Уларга юқори ҳарбий билимга эга бўлган офицер ва олий маълумотли мутахассислар сабоқ беришмоқда.

“Туркистон-пресс”