2017-11-29 13:38:00

МУРАББИЙ ВЛАДИМИР ЖУРАВЛЕВ ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАНДИ

21-26 ноябрь кунлари Чирчиқ шаҳридаги тиббиёт коллежи спорт залида 2004-2005 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида бокс бўйича Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Владимир Журавлев хотирасига бағишлаб халқаро турнир ўтказилди.

Мазкур турнирда  Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Жиззах, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ҳамда қўшни Қозоғистон Республикасидан жами 232 нафар ёш чарм қўлқоп усталари беш кун давомида ўн бир вазн тоифасида ғолиблик учун рингга кўтарилишди. Тошкент вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, бокс федерацияси, Чирчиқ шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Тошкент вилоят якка кураш спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган турнир мамлакатимизда боксни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган жонкуяр мураббий Владимир Журавлевни хотирлаш, ёш боксчиларимизни халқаро тажрибаси, маҳорати ва малакасини ошириш, қолаверса, боксда янги-янги иқтидор эгаларини эрта аниқлаш каби эзгу мақсадлар йўлида  ташкил этилди.  

Турнирда иштирок этган А. Машарипов (Қибрай т.),  А. Оғабеков (Бўстонлиқ т.), Ш. Абдималиков (Олмалиқ ш.), А. Абдикаримов (Чирчиқ ш.), Ж. Эгамбердиев (Тошкент ш.), Ш. Музаффаров (Чирчиқ ш.), Э. Тўрабоев (Тошкент ш.), Х. Турдалиев (Оққўрғон т.), Т. Ҳабибуллаев (Чиноз т.), А. Урозалиев (Жиззах) ҳамда Н. Узенбаев (Тошкент в.)лар ўз вазн тоифаларида рақибларга ҳеч қандай имконият қолдирмай, биринчи ўрин соҳибларига айланишди.  

Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”