2017-11-29 17:06:00

FIDE ПРЕЗИДЕНТИ КИРСАН ИЛЮМЖИНОВ ТОШКЕНТДА МЕҲМОН БЎЛДИ

Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти Кирсан Илюмжинов Тошкентга ташриф буюрди ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида меҳмон бўлди.

К.Илюмжинов дастлаб МОҚ биносида жойлашган музейга ташриф буюриб мустақиллик йилларида ўзбек спортчилари эришган ютуқлар билан танишишди. FIDEпрезиденти Тошкентга бир неча маротаба ташриф буюрган бўлсада, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси янги биносига биринчи марта келаётганини қайд этиб, янги бинода яратилган шароитларга юқори баҳо берди. 

Шундан сўнг МОҚ музокаралар залида Кирсан Илюмжинов Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Алишер Султонов, Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси Рустам Қурбоновбилан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида Кирсан Илюмжинов ўзбекистонлик спортчилар халқаро майдонда бежизга юқори натижалар кўрсатмаётгани ҳақида айтиб, бунинг замирида катта меҳнат ва спортчилар учун яратилган шароит ётганига урғу берди. Мамлакат шахматчиларининг халқаро майдондаги обрўси эса кун сайин ўсиб бораётгани таъкидланди.

Учрашув якунида Ўзбекистон МОҚ президенти Алишер Султонов меҳмонга эсдалик совғасини лтопширди. Ўз навбатида Кирсан Илюмжинов самимий қабул учун миннатдорлик изҳор этди. Кейинроқ FIDE президенти Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигида учрашув ўтказди ва пойтахтдаги болалар шахмат фестивалининг очилишида иштирок этди.

“Туркистон-пресс”